Тошкент вилояти Қибрай тумани Салар шаҳарчасида жойлашган «Тошкент иссиқлик электр станцияси» (ТошГРЭС) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузганлик, шу жумладан, атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарганлик учун компенсация тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда Экология вазирлиги «Газета.uz»га хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, иссиқлик ишлаб чиқаришда асосий ёқилғи сифатида газдан фойдаланадиган, бироқ қўшимча ёқилғи сифатида мазутни ёқаётган корхонада 23−31 январь кунлари текширув ўтказилган.

Экологлар Тошкент иссиқлик электр станцияси яқинида ҳаво сифатини ўрганмоқда.

Текширув натижасида иссиқлик электр станциясига 1 миллиард 23 миллион сўм (83,3 минг доллар), жумладан, мазут ёқиш оқибатида атмосферага чиқарилаётган зарарли чиқиндилар учун 759 миллион сўм, ерларга нефть маҳсулотлари тўкилгани бўйича 264 млн жарима белгиланган.

Экологлар 16 банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берган.

Йиғилган ҳужжатлар ИЭС мансабдор шахсларининг йўл қўйган камчиликлари бўйича ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида судга тақдим этилиши режалаштирилмоқда, деб хабар қилди вазирлик.

Тутунларнинг «Газета.uz» таҳририяти офисидан кўриниши, 2024 йил, 2 февраль.Тутунларнинг «Газета.uz» таҳририяти офисидан кўриниши, 2024 йил, 2 февраль.

Тошкент иссиқлик электр станцияси, 2024 йил 2 февраль. Фото: Troll.uzТошкент иссиқлик электр станцияси, 2024 йил 2 февраль. Фото: Troll.uz

«Газета.uz» 14 декабрь куни Тошкент ИЭС трубаларидан чиққан тутунга эътибор қаратганди. Энергетика соҳасида ишловчи манбамизга кўра, ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхоналарда мазут ёқилгани билан боғлиқ.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2023 йил ноябрь ойида депутатларнинг электр ва газнинг юзага келиши мумкин бўлган тақчиллигини қандай қопланиши ҳақидаги саволларига жавоб бераркан, мазутнинг катта захираси шаклланганини айтганди. Унга кўра, бунинг учун захира ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланилади. Хусусан, ўтган йилнинг ноябрь ойида электр энергияси ишлаб чиқариш учун 1800−2600 тонна мазут ёқилган бўлса, 2023 йи ноябрида бу кўрсаткич кунига 100−200 тоннани ташкил этиб, 340 минг тонна мазут захирасини (аввал 46 минг тонна бўлган) шакллантириш имконини берган.

«Аномал совуқ ҳавода [мазутдан фойдаланишни] кунига 10 минг тоннагача ошириш мумкин. 10 минг тонна мазут ёқиш орқали кунига 10 миллион кВт/соат электр энергияси тақчиллигини қоплаймиз», — деган у.

Аввалроқ Экология вазирлиги томонидан аҳолини иссиқлик билан таъминлаш учун қўшимча ёқилғи сифатида иссиқлик станциялари томонидан мазутдан фойдаланиш ҳаво ифлосланишининг сабабларидан бири сифатида келтирилганди. Агар 2018 йилда 6,8 миллион тонна истеъмол қилинган бўлса, 2022 йилда 8,3 миллион тоннадан ортган. Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги Янги Ангрен иссиқлик электр станциясида кўмирдан фойдаланиш 2 баробарга ошган.

Вазирлик, шунингдек, Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берган. Иссиқхона ҳамда заводларда чанг-газ филтрларини ўрнатиш, Аи-80, ИЭСларда кўмир ҳамда мазутдан фойдаланишни тақиқлаш ва бошқалар шулар жумласидандир. Президент ўтган ҳафта ушбу чора-тадбирларнинг аксариятини амалга оширишни топширган.