«Ўзбекистон-2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида ҳаво ифлосланишига қарши қатор чора-тадбирлар илгари сурилмоқда.

Хусусан, мамлакатда чанг бўронларига қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш доирасида 2024 йил 1 мартдан:

  • Ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва ҳаво таркибида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини, айниқса, юрак, қон-томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилади;
  • 500 ва ундан ортиқ квадрат метрли қурилиш майдонида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилади;
  • Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. Бунда ушбу чекловлар махсус хизмат шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Қуролли кучларининг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида Евро — 5 ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланади.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (вазир — Азиз Абдуҳакимов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Асилбек Худаяров), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Батир Закиров), Ички ишлар вазирлиги (Пўлат Бобожонов) ва Транспорт вазирлиги (Илҳом Маҳкамов) белгиланди.

2024 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, экологик муаммоларга чора сифатида Тошкент шаҳрида ойнинг бир иш куни «Автомобилсиз кун» бўлиши, бунда раҳбарлар жамоат транспортида юриш орқали намуна кўрсатиши белгиланди. 2020 йилда ҳам раҳбарларга ҳафтада камида бир марта автомобиллардан фойдаланмасдан ишга келиб-кетиш тавсия этилган.

Бир неча кун олдин президент экологик муаммоларга тўхталиб, Тошкент шаҳрида чиқинди газлар миқдори юқорилигини таъкидлаганди. Ҳудудларнинг экологик рейтингини жорий этиш, корхона, цемент заводларида чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, пойтахт атрофида «яшил белбоғ» яратиш ва бошқа кўрсатмалар берилган.

Аввалроқ Экология вазирлиги «Газета.uz»га Тошкент атрофида кўмирдан фойдаланадиган иссиқхоналар сабабли «яшил ҳалқа» ўрнига «кулранг ҳалқа» ҳосил бўлгани ҳақида хабар берганди. Пойтахт атрофида жами 1314 гектар майдонда 631 та иссиқхона фаолият юритмоқда. Вазирлик таҳлилига кўра, сўнгги беш йилда иссиқхоналар сони 2,5 баробарга етди (Тошкент вилоятида — 2 баробар) ва ушбу иссиқхоналарнинг 60 фоизи иситиш тизимининг асосий манбаи сифатида кўмирдан фойдаланмоқда.

Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар лойиҳаси ҳақида маълумот берган. Иссиқхона ҳамда заводларда чанг-газ фильтрларини ўрнатиш, Аи-80, ИЭСларда кўмир ҳамда мазутдан фойдаланишни тақиқлаш ва бошқалар шулар жумласидандир.