«Ўзбекистон-2030» тараққиёт стратегиясининг 2024 йилги давлат дастури лойиҳасига мувофиқ, Тошкент шаҳрида ойнинг бир иш куни «Автомобилсиз кун» бўлади.

Бунда биноси Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи органларининг раҳбар ва ходимлари жамоат транспортида иш жойига келиши орқали аҳолига намуна кўрсатиб бориши келтирилган.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (вазир — Азиз Абдуҳакимов), Транспорт вазирлиги (Илҳом Махкамов) ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Шавкат Умурзоқов — ҳоким в.б.) белгиланди.

«Автомобилсиз кун» акцияси

22 сентябрь Бутунжаҳон автомобилсиз куни бўлиб, Ўзбекистонда 2021 йилдан 22 сентябрь куни «Автомобилсиз кун» сифатида эълон қилинган. Мамлакат ЙҲХХ, Транспорт ҳамда Экология вазирликлари шу куни аҳолини шахсий автомобиль ўрнига жамоат транспорти, велосипеддан фойдаланиш ёки пиёда юришни танлашга чақириб келмоқда.

Шу куни шахсий автомашиналар ўрнига атмосферага камроқ зарар етказувчи ва саломатлик учун фойдалироқ транспорт турларидан — велосипед ва жамоат транспортидан фойдаланиш, пиёда юриш таклиф қилинади.

Ушбу кунда шахсий автомобиллардан воз кечиш тавсияси ҳукуматнинг 2022 йил ноябрдаги «Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида келтирилган.

Бироқ ундан олдин ҳам мамлакат глобал акцияда иштирок этган. 2019 йилда Тошкентда Европа мобиллик ҳафталиги доирасида илк бор Учтепа туманидаги бир неча километр кўчалар пиёдалар ҳудудига айлантирилган.

2018 йилдан ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда ҳар жума «Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни» деб эълон қилинган ва «Автомобилсиз кун» акцияси ҳар ойда бир марта ўтказилиши белгиланган. Лекин мазкур акция ҳамон тавсия даражасида қолиб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йил 1 декабрдан барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳокимлар ва ўринбосарларига «Шахсий намуна» тамойили асосида ҳафтада камида бир марта автомобиллардан фойдаланмаган ҳолда ишга келиши ва кетиш тавсия этилган.