«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси цемент ишлаб чиқарувчилар учун ер қаъридан фойдаланганлик солиғи миқдори қарийб 4 бараварга пасайтирилганига муносабат билдирди.

Аввалроқ «Газета.uz» хабар қилганидек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) парламентга юборган бюджетномада ставкани икки бараварга — бир тонна учун 22,5 минг сўмдан 11,25 минг сўмгача тушириш режалаштирилаётгани ҳақида ёзилганди, аммо охир-оқибат ставка 6 минг сўмгача пасайтирилди.

Уюшма 2019 йилгача оҳактош учун ер қаъридан фойдаланганлик ставкаси солиқ солинадиган базанинг 5 фоизини ташкил қилганини таъкидлади. «Кейин бир тонна учун 45 минг сўм миқдорида қатъий белгиланган тариф жорий этилди, шу боис таннарх кескин ошди», — дейилади хабарда.

2022 йил 1 январдан бошлаб ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 бараварга — бир тонна учун 22,5 минг сўмгача пасайтирилди. Цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб фойда солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди (ҳамма учун).

«Бир тонна учун 22,5 минг сўм ставка оҳактош таннархининг 75 фоизини ташкил этади (ўртача 30 минг сўм). Шу боис уни 6 минг сўмга (нархнинг 20 фоизи) туширишга қарор қилинди», — дейилади уюшма хабарида. Маълум қилинишича, Қозоғистонда бу солиқ таннархнинг 4,7 фоизини, Қирғизистонда — 3 фоизини, Тожикистонда — 7 фоизини ташкил қилади.

Уюшма оҳактошга солиқ ставкасини пасайтириш маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширади, деб ҳисоблайди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қуввати йилига 32,7 миллион тонна бўлган 37 та цемент заводи фаолият юритади. Улардан 13 таси газда, 5 таси газ ва кўмирда, 19 таси эса фақат кўмирда ишлайди. 2023 йилда ички истеъмол ҳажми 17,64 миллион тонна прогноз қилинган бўлса, амалда бу кўрсаткич 16,8 миллион тоннани ташкил этган.

«Газета.uz» аввалроқ цемент заводлари фаолиятининг атроф-муҳит ва инсон саломатлигига таъсирини кенг муҳокама қилишга чақирган эди.