«Янги Тошкент» лойиҳасини ҳисобга олган ҳолда Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиқиш учун пойтахт маҳаллий бюджетидан 40 миллиард сўм (3,25 миллион доллар) ажратилади. Халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутатлари 4 декабрда ушбу молиялаштиришни тасдиқлади.

Қарор президентнинг ўтган йил 17−18 октябрь кунлари республика аҳамиятига молик айрим объектларнинг истиқболли лойиҳалари ва қурилиши тақдимотидаги топшириғига оид 73-баённи инобатга олган ҳолда қабул қилинган. Ўшанда Шавкат Мирзиёевга «ТошкентбошпланЛИТИ» корхонасида Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси тақдим этилган. «Газета.uz» мазкур лойиҳани атрофлича ўрганиб чиққан.

Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқовнинг жорий йил 10 июлдаги қарорида ҳокимлик ва «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК ўртасида тўғридан-тўғри шартнома тузилгани, унга кўра биринчи босқичда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 40 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.

«Янги Тошкент»нинг бош режасини инобатга олган ҳолда, лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва хорижий лойиҳа компанияларини танлаш бўйича тендер ташкил этиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Янги Тошкент» шаҳар қурилиши дирекцияси ташкил этилган бўлиб, унга қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари Давронжон Одилов директор бўлган. Бундан ташқари, бош вазир Абдулла Арипов (Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов — раис ўринбосари) бошчилигидаги 24 нафар мансабдор шахсдан иборат Янги Тошкент қурилиши бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган.

Кенгаш вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, хўжалик бирлашмалари, банклар ва дирекцияларнинг ишини мувофиқлаштиради ва вазифаларини белгилайди, инвесторларнинг лойиҳа таклифларини кўриб чиқади ва Янги Тошкент бош режасини тасдиқлайди ҳамда унга ўзгартиришлар киритади, шунингдек ер участкаларини босқичма-босқич ўзлаштириш масалаларини кўриб чиқади ва ким ошди савдосига қўйиладиган ер участкаларининг дастлабки қийматини белгилайди.

Шунингдек, орган тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали лойиҳа-пудрат ташкилотлари ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Президент «Маҳалла» хайрия жамоат фондига 1 сентябрга қадар 50 миллион доллар эквивалентидаги беғараз маблағни Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда «Маҳалла» жамғармаси ҳисобида тўпланган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан дирекция фаолиятини йўлга қўйиш учун ажратишга топшириқ берган. Жамғарма нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг асосий мақсади фуқаролар йиғинлари ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат.

Сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев Британиянинг Cross Works компанияси томонидан ишлаб чиқилган Тошкент ва «Янги Тошкент» қўшма лойиҳасини маъқуллаган.

Янги Тошкент ҳақида

«Ушбу улкан лойиҳа учун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 720 гектар ер танлаб олинган. Биринчи босқичда 2,5 минг гектарда 100 минг аҳоли учун уй-жойлар ва инфратузилма объектлари қуриш режалаштирилган. Дирекция томонидан етакчи хорижий компаниялар жалб этилиб, ривожланган мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган амалиётлар асосида Бош режа, тармоқ режалари ва манзилли дастурлар ишлаб чиқилмоқда», — дея хабар берганди президент матбуот хизмати.

Янги Тошкент «ақлли» ва «боғ шаҳар» бўлиши назарда тутилмоқда. Маъмурий марказда давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, кутубхона, тарих музейи, маданият саройлари жойлашади. Шунингдек, шаҳарда ишбилармонлик ва инновация туманлари, таълим, тиббиёт ва туризм кластерлари бўлади.

420 гектар майдонда марказий боғ, мавзелар орасида сунъий канал ва кўллар, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари бўйида сайилгоҳлар ташкил қилиниб, одамларнинг дам олиши учун сўлим шароитлар яратилади. «Тошкентнинг яшил белбоғи» лойиҳаси шу жойдан бошланади.

Янги Тошкентда «эски» Тошкентга уланадиган ягона трамвай ва метро тармоғи қурилиши режалаштирилаётганини ҳам ёзган эдик.