Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини тезда нормал ҳолатга келтириш чораларини таклиф қилди.

Аввалроқ ёзганимиздек, Экология вазирлигининг ўзи ҳам ҳавони муҳофаза қилиш бўйича бир қатор ишларни режалаштирган. Жумладан, атроф-муҳитга таъсири 1 ва 2 тоифали саноат корхоналарида чанг ва газ тозалаш ускуналари ўрнатилади, мавжудлари реконструкция қилинади ва модернизация қилинади.

Бу ҳудудларда ҳавони ифлослантирувчи манбаларни назорат қилувчи постлар жорий этилади, атроф-муҳитни назорат қилувчи станциялар ўрнатилади.

Бундан ташқари вазирлик қуйидагиларни таклиф қилди:

  • «Евро-4» стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (Аи-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш;
  • автотранспорт воситалари тирбандлигини камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00 дан10:00 га қадар ва 17:00 дан 20:00 га қадар) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ транспорт воситаларини ҳаракатини чеклаш;
  • 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автотранспорт воситалари ҳаракатланишини тақиқлаш, автотранспорт воситалари эгаларига замонавий автотранспорт воситаларига ўтиш учун (электромобиль) имтиёзлар, преференциялар ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш;
  • сўнгги йилларда автомобиль йўлларида юзага келаётган тирбандликларни камайтириш мақсадида тажриба тариқасида автомобиллар ҳаракатини мақбуллаштириш учун автомобилларни «тоқ ва жуфт» кунларда бошқариш қоидасини жорий этиш;
  • шаҳарнинг диққатга сазовор марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи ҳудудларни ташкил қилиш;
  • жамоат транспортини тўлиқ электр, газ-баллон ёқилғиси ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;
  • барча турдаги қурилиш объектларини (ижтимоий ва давлат аҳамиятига оид объектлар бундан мустасно) қуришга мораторий эълон қилиш;
  • Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадларида кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш;
  • микроиқлим мўътадиллигини таъминлаш, атмосфера ҳавоси сифатига ижобий таъсир этиш мақсадида сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш;
  • Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Иссиқлик марказларида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланишни кескин тақиқлаш;
  • илмий ва пухта ишланган хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш;
  • атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатиш.

Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий омилларни ҳам айтиб ўтди: сифатсиз ёқилғида юрадиган автотранспорт воситаларидан чиқаётган чиқиндилар, иссиқлик ва электр станцияларида кўмир ва мазутдан фойдаланиш, бош режасиз қурилиш ишлари ва дарахтларни кесиш шулар жумласидан.