«Шарқ» нашриёт-матбаа корхонасининг Буюк Турон кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган бинолари Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилган. Ўзбекистон Қонунчилик маълумотлари миллий базаси — «Lex.uz»даги Миллий рўйхатга киритилган ўзгартишлар шундан далолат бермоқда.

Ўзбекистонда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан шакллантирилган. Қарорнинг иловасининг аввалги таҳририда Тошкент шаҳридаги моддий маданий мерос объектлари рўйхатида 87-рақам остида 1927 йилда қурилган «Илгариги „Правда Востока“ газетаси босмахонаси биноси», 88-рақам остида эса ХХ аср давомида шаклланган «Шарқ» нашриёти матбаа корхонаси бинолари" кўрсатиб ўтилган эди.

Қарор иловасига Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги 28-сонли янги қарори асосида ўзгартириш киритилган. Янгиланган қарор иловасида Тошкент шаҳридаги моддий моддий маданий мерос объектлари рўйхатида 87 ва 88-объектлар йўқ, рўйхатда 86-объектдан кейин 89-объект келади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги 28-сонли қарори очиқ эълон қилинмаган, «Lex.uz» базасида ҳам унга жонли ҳавола берилмаган.

Рўйхатнинг Тошкент шаҳрига алоқадор қисмига Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги 28-сонли қарори билан ўзгартириш киритилган. «Lex.uz»дан скриншотРўйхатнинг Тошкент шаҳрига алоқадор қисмига Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги 28-сонли қарори билан ўзгартириш киритилган. «Lex.uz»дан скриншот

Давактив ва Маданий мерос агентлиги можароси

Давлат активларини бошқариш агентлиги 2023 йил 20 сентябрида «Шарқ» нашриёт-матбаа корхонаси бинолари ва ЎзА биносини ягона мулкий мажмуа сифатида савдога (хусусийлаштиришга) қўйган эди. Бу янгилик жамоатчиликнинг кескин норозилигини келтириб чиқарган эди. Шунингдек, Маданий мерос агентлиги ҳар иккала бино Ўзбекистон моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганини эслатиб, уларни аукциондан олиб ташлаш бўйича огоҳлантириш берган эди.

Агентлик ўз баёнотида «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгиланганини ҳам қайд этиб ўтган эди.

Шундан сўнг Давлат активларини бошқариш агентлиги объект ҳудудида жойлашган бино-иншоот ёки ер майдонининг қайси қисми (бири) маданий мерос объекти ҳисобланишига аниқлик киритиш бўйича биргаликда иш ташкил этишга келишиб олинганини маълум қилганди. Шу билан бирга, агентлик Тошкент рамзларидан бири ҳисобланган 16 қаватли модернизм ёдгорлиги — ЎзА биноси маданий мерос объектлари рўйхатига киритилмаганини кўрсатиб ўтганди.

Шунингдек, Давактив «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасида хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкига эгалик қилишга ва (ёки) ундан фойдаланишга ижара шартномасига ёки давлат мулкини ишончли бошқариш шартномасига, давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномасига, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга, шу жумладан концессия шартномасига асосан йўл қўйилиши мумкинлигини алоҳида эслатиб ўтганди.

ДХХ эски биноси тақдири

Аввалроқ Буюк Турон кўчасидаги бошқа бир иншоот — Давлат хавфсизлик хизматининг тўрт қаватли собиқ қароргоҳи шу тариқа хусусийлаштирилган эди. Моддий маданий мерос объектларининг 2019 йилда шакллантирилган ва ҳукумат томонидан тасдиқланган рўйхатида ДХХ эски биноси ҳам бор. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 июндаги (ёпиқ) қарори билан бино рўйхатдан чиқарилган. Шу куннинг ўзида Давактив ушбу бино Абдулазиз Комиловнинг ўғлига алоқадор компания томонидан сотиб олинганини эълон қилган. 2023 йил июлида бинони бузиш ишлари бошланди. Унинг ўрнида, жумладан, 22 қаватли меҳмонхона қурилиши режалаштирилган.