Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) Маданий мерос агентлигининг «Шарқ» нашриёт-матбаа ижодий уйи бинолари, жумладан, ҳозирда ЎзА эгаллаб турган 16 қаватли бинони аукциондан олиб ташлашни талаб қилган баёнотига изоҳ берди.

Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган бинолар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли қарори билан Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг давлат реестрига киритилган.

2023 йил июндаги кадастр ҳужжатларига кўра объектнинг умумий ҳудуди 28 888 кв метрни, бўш ер майдони 15 211 кв метрни, бино ва иншоотларнинг ҳажми 42 048 кв метрни, шундан 25 024 кв метрни ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ташкил этади ва 3 та алоҳида маъмурий бинолар мавжуд, дея қайд этди ДАБА.

Давактив агентлиги ва Маданий мерос агентлиги раҳбарлари ўртасида ўтказилган мулоқотда объект ҳудудида жойлашган бино-иншоот ёки ер майдонининг қайси қисми (бири) маданий мерос объекти ҳисобланишига аниқлик киритиш бўйича биргаликда иш ташкил этиш келишиб олинди ва бу тўғрисида Давактив агентлигининг мурожаати юборилди.

ўза, шарқ нашриёти, давлат активларини бошқариш агентлиги, модернизм, хусусийлаштириш

Қайд этилишича, «Шарқ» нашриёти бугунги кунда кам қувватда ишламоқда (50 фоиз), бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилмай келмоқда, жорий йил ярим йиллик якуни бўйича соф тушуми ўтган йилга нисбатан пасайган, соф фойдаси эса атиги 13,8 млн сўмни ташкил этиб, 80 фоизга камайган.

«Жамиятнинг мавжуд бино-иншоотлари ва ҳудудидан самарали фойдаланилмасада, катта миқдорда мол-мулк ва ер солиғи тўлаб келмоқда. Жумладан, 2022 йил ва 2023 йилнинг ўтган даврида жамият томонидан 3,3 млрд. сўм миқдорида мол-мулк ва ер солиғи тўланган», — дейилади хабарда.

ўза, шарқ нашриёти, давлат активларини бошқариш агентлиги, модернизм, хусусийлаштиришАгентлик маълумотларига кўра, Буюк Турон кўчаси, 41-уйда жойлашган «Шарқ» нашриётининг бино-иншоотлари ва ишлаб чиқариш ускуналари маънан эскирган ҳамда таъмирталаб, аксарияти эса яроқсиз аҳволга келиб қолган. Шунинг учун ҳам уни Учтепа туманидаги Катта Хирмонтепа кўчаси 1-уй манзилидаги «ихчам ва замонавий» бинога кўчирилиши жамият билан келишилган ҳолда амалга оширилмоқда. Ҳозирда у ерда дераза ва эшик конструкциялари учун аксессуарлар, минерал ватадан изоляцион уч қаватли металл панеллар, алюминий композит панеллар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Akfa Building Materials компанияси жойлашган.

«Шу билан бирга, Буюк Турон кўчаси, 42-уйда жойлашган Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА)нинг маъмурий биноси маданий мерос объекти рўйхатига киритилмаган, аммо ушбу бино Тошкент шаҳрининг тарихий архитектурасини, шу жумладан, муҳим „модернизм“ ёдгорлиги қиёфасини акс эттиришини инобатга олиб, уни сақлаб қолиш мақсадида савдонинг асосий шарти этиб маъмурий бинонинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш белгиланган», дея қайд этди агентлик.

Таъкидланишича, «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ, хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкига эгалик қилишга ва (ёки) ундан фойдаланишга ижара шартномасига ёки давлат мулкини ишончли бошқариш шартномасига, давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномасига, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга, шу жумладан концессия шартномасига асосан йўл қўйилиши белгиланган.

Давактив агентлиги Маданий мерос агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда маданий мерос объектига аниқлик киритилиши, мулкий мажмуани амалдаги қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда шаффоф хусусийлаштириш жараёнини таъминлаши ҳамда жараённинг ҳар бир босқичи тўғрисида омма хабардор қилиб борилишини билдирди.

Архитектор Ричард Блезэнинг 16 қаватли «Шарк» нашриёт уйи биноси 10 йил аввал нотўғри реконструкция қилинганига қарамай, Тошкент тимсоли бўлиб қолмоқда, дейди архитектура тарихчиси Борис Чухович. «Газета.uz»даги колонкасида у нима учун «Шарқ» бинолари (шу жумладан горизонталь бино) сақланиб қолиши кераклигини ёзади (рус тилида).