Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2023 йилда ўтган йилга нисбатан 12 млрд долларга ёки 23,8 фоизга ўсиб, 62,57 млрд долларни ташкил этди. Бу президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларидан келиб чиқади.

Йил давомида экспорт 23,8 фоизга — 24,4 млрд долларгача, импорт 24 фоига — 30,1 млрд долларгача ошди. Ташқи савдо тақчиллиги 13,7 млрд доллардан ортиқни ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 24,3 фоизга кўп (-11,03 млрд доллар). Агар рекорд даражадаги олтин экспорти ва хизматлар соҳасидаги ижобий сальдо бўлмаганида, бу кўрсаткич янада юқори бўларди.

Экспорт

Ўзбекистон декабрь ойида олтин экспорт қилмади. Аммо 12 ой ичида олтин сотуви рекорд даража — 8,15 млрд долларга етди, бу 2022 йилги кўрсаткичдан деярли икки баравар кўп. Қимматбаҳо металлни етказиб бериш мамлакат экспортининг учдан бир қисмини (33,4 фоиз) ташкил этди, кўрсаткич 2022 йилда 21,3 фоиз эди.

Олтинни ҳисобга олмаганда, экспорт қиймат жиҳатидан атиги 4,5 фоизга кўпайди ва 16,17 млрд долларни ташкил этди. Саноат маҳсулотларининг экспортдаги улуши 22,2 фоиздан 16,6 фоизга, етказиб бериш ҳажми эса 4,38 млрд доллардан 4,06 млрд долларгача қисқарди.

2023 йилда сабзавот ва мевалар савдоси 1,76 млн тоннага (+1,1 фоиз), қиймат жиҳатидан эса 1,18 млрд долларга (+3,3 фоиз) ошди. Мева-сабзавот экспортининг асосий бозорлари Россия (37 фоиз), Покистон (16,7 фоиз), Хитой (12,3 фоиз) ва Қозоғистон (10,3 фоиз) бўлди.

Донли экинлар ва ундан тайёрланган маҳсулотлар экспорти 478,8 млн долларгача (+34,4 фоиз), қаҳва, чой, какао экспорти ҳажми 27,6 млн долларгача (+12,1 фоиз), ичимликлар 60,1 млн долларгача (+35,3 фоиз), нефть ва нефть маҳсулотлари 333 млн долларгача (2 баравар), ноорганик кимёвий моддалар 497,5 млн долларгача (+22,6 фоиз), чўян ва пўлат — 185,9 млн долларгача (+11,3 фоиз), металл буюмлар 130,2 млн долларгача (+11,9 фоиз), чарм маҳсулотлари экспорти эса 41,3 млн долларгача (+17 фоиз) ошди.

Хорижга автомобиллар етказиб бериш ҳажми 127,5 млн долларни ташкил этди. Шунингдек, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш ҳажми 366,3 млн долларни (+25,1 фоиз), электрик машина ва қурилмалар 227,7 млн долларни (-0,3 фоиз), энергогенератор ускуналари ва машиналар 175,5 млн долларни (+1,6 фоиз), электр алоқаси, овозни ёзиш ва овозни эшиттириш аппаратуралари ва ускуналари 118 млн долларни (2,2 баробар), бошқа транспорт воситаларини етказиб бериш ҳажми эса 100,1 млн доллардан иборат бўлди (8,5 баравар).

Газ экспорти қарийб 2 бараварга — 529,9 млн долларгача, электр энергияси экспорти эса 76,6 млн долларгача (-37,8 фоиз), ўғитлар 336,3 млн долларгача (-18 фоиз), рангли металлар 1,38 млрд долларгача (-9,9 фоиз), тиббий ва фармацевтика маҳсулотлари 37,9 миллион долларгача (-11,7 фоиз), тўқимачилик маҳсулотлари сотуви эса 3,05 млрд долларгача пасайди (3,8 фоиз).

Импорт

Импортга келадиган бўлсак, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ҳажми юқори даражада қолмоқда: дон ва ундан тайёрланган маҳсулотлар — 1,12 млрд доллар (+5,3 фоиз), шакар, шакар маҳсулотлари ва асал — 558,2 млн доллар (-2,3 фоиз), қаҳва, чой, какао, зираворлар — 385,3 млн доллар (+23 фоиз), ўсимлик мойлари ва ёғлари — 354,9 млн доллар (+16,4 фоиз), гўшт ва гўшт маҳсулотлари — 348,4 млн доллар (+9,1 фоиз), сабзавот ва мевалар — 348,4 млн доллар (+23,5 фоиз), сут маҳсулотлари ва қуш тухумлари — 211,5 млн доллар (+31,7 фоиз).

Нефть ва нефть маҳсулотлари импорти ҳам ўсди — 1,61 млрд доллар (+27 фоиз), кўмир, кокс ва брикетлар 204,4 млн долларлик импорт қилинган (+67,8 фоиз). Газ етказиб бериш 2,5 баробарга ошиб, 694,9 млн долларни ташкил этди. Агар сентабр ойида 286 млн долларга, октябрда 73,8 млн долларга ва ноябрда 1 млн долларга газ импорт қилинган бўлса, декабрда 132,2 млн долларлик газ сотиб олинган.

Автомобиллар импорти 4,34 млрд долларгача (1,7 баравар), эҳтиёт қисмлар импорти 148,3 млн долларгача (+68,8 фоиз) ошди.

Йил давомида самолётлар етказиб бериш ҳажми 2,6 бараварга — 939,5 млн долларгача, ноябрда — 139,5 млн долларга, декабрда — 185,9 млн долларга ошган.

Ўғитлар импорти икки баробарга ошиб, 167,2 млн долларни ташкил этди. Аввал хабар берганимиздек, импортнинг кескин ўсиши «Ўзкимёсаноат» аксиядорлик жамияти корхоналари камроқ газ олгани сабабли ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Йўқотишлар ўрнини қоплаш учун Россиянинг «Тольяттиазот» компаниясидан 55,3 минг тонна аммиак импорт қилиниб, 64,2 минг тонна аммиакли селитра (мамлакатдаги умумий ишлаб чиқаришнинг 8 фоизи) ишлаб чиқарилди.

Шуниси эътиборга лойиқки, аввалги йилларда барқарор ўсиш кузатилганига қарамай, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотларини етказиб бериш ҳажми 1,6 млрд долларгача (-2 фоиз) камайди.

Шунингдек, Ўзбекистонга 2,55 млрд долларлик (+1,7 фоиз) чўян ва пўлат, 940,1 млн долларлик (+28,4 фоиз) металл буюмлар, 675,4 млн долларлик (+24,1 фоиз) тўқимачилик иплари, газламалар, тайёр маҳсулотлар, 543,5 млн долларлик (1,5 баравар) резина буюмлар, 479,6 млн долларлик (+6,7 фоиз) қоғоз ва картон ҳамда бошқалар импорт қилинган.

Хизматлар ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар

Январь-декабрь ойлари якуни бўйича хизматлар экспорти ҳажми 5,8 млрд долларни ёки умумий савдо экспорти ҳажмининг 21,2 фоизини ташкил этди ва 2022 йилга нисбатан 16,2 фоизга ошди. Хизматлар экспортидаги асосий улуш транспорт (43,2 фоиз), саёҳат (туризм, 41,4 фоиз), телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари (8,5 фоиз) ва бошқа тадбиркорлик хизматларига (3,1 фоиз) тўғри келади эгаллайди.

Хизматлар импорти 2,57 млрд долларни (+0,7 фоиз) ташкил этди.

Ўзбекистонга саноат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 6,3 млрд долларга (+10 фоиз) етди. Асосий ҳажм Россия (2,17 млрд доллар, улуши 34,3 фоиз) ва Хитой (1,95 млрд доллар, 30,9 фоиз), шунингдек, Қозоғистон (715,2 млн доллар, 11,3 фоиз), Туркия (353,6 млн доллар, 5,6 фоиз) ва Жанубий Корея (209,6 млн доллар, 3,3 фоиз) улушига тўғри келади.

Таққослаш учун: 2022 йил охирида Россия улуши 42,3 фоиз (2,4 млрд доллар), Хитой улуши 21,9 фоиз (1,25 млрд доллар), Қозоғистон улуши 12,5 фоиз (721,5 млн доллар), Туркия улуши 5,3 фоиз (306,2 млн доллар) ва Жанубий Корея улуши 3,8 фоизни (220 млн доллар) ташкил этган.