Олий Мажлис Сенати 20 январь куни бўлиб ўтган мажлисда қонун ҳужжатларига экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган ўзгартишларни маъқуллади.

Сенаторларнинг фикрича, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламларининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг ортишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунда фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш учун қонунларда атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатувчи объектларнинг фаолиятини махсус ваколатли давлат органларининг қарорига кўра чеклаш ёки тўхтатиб туриш мумкинлиги назарда тутилган.

Бироқ «бошқа реал таҳдид» тушунчаси умумий тушунча бўлиб, амалда турлича талқин қилинишига ва давлат органларининг дискрецион ваколатлари кенглиги билан боғлиқ коррупция ҳолатлари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Шу боис «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунларга давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорларни, биринчи навбатда, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олиш заруратини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш асосларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, қонун экологик вазиятни яхшилашга, аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олишга, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишга, шунингдек, коррупция омилларини бартараф этишга ҳамда ваколатли давлат органларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Сенат раиси Танзила Нарбоеванинг сўзларига кўра, атроф-муҳитга оид қонунлар ва қонун ҳужжатларида «турлича талқин қилиниши ва қўлланилиши мумкин бўлган ноаниқ қоидалар» бўлмаслиги керак.

«Амалда бундай ҳолат турли муаммолар, тушунмовчиликлар, норозилик ва энг ёмони, коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Шу нуқтаи назардан, ушбу тузатишлар жуда муҳим. Чунки мамлакатимизда саноатлаштириш даражаси йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бундай шароитда атроф-муҳитга таъсир кўлами ҳам ортади. Айниқса, бугунги кунда Тошкент каби йирик шаҳарларимизда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши меъёридан ошиб кетишининг олдини олишда бундай аниқ ҳуқуқий меъёрлар муҳим аҳамият касб этмоқда», — деди у.

Парламент юқори палатаси раҳбари Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология қўмитасига давлат органлари билан ҳамкорликда, аҳолини кенг жалб этган ҳолда «ҳавонинг ифлосланиши муаммосини жиддий ҳал этиш» бўйича топшириқ берди.

Аввалроқ Экология қўмитаси томонидан ўтказилган текширувлардан сўнг корхоналар фаолияти тўхтатилган эди. Масалан, 2020 йилда ҳавони ифлослантираётган Андижон вилоятидаги цемент заводи иши тўхтатилганди.

Яқинда Экология вазирлиги ҳаво сифати билан боғлиқ муаммо борлигини расман тан олди ва вазиятни яхшилаш бўйича бир қатор чора-тадбирларни (улардан баъзилари аҳоли билан муҳокама қилиниши керак) санаб ўтди. Депутатлар мамлакат ва Тошкент ҳавосининг ифлосланиши ҳақидаги саволларга жавоб бериши учун экология вазири Азиз Абдуҳакимовни парламентга таклиф қилишга қарор қилди. Бу мавзу экологиядан бутун халқнинг хавфсизлиги ва саломатлиги билан боғлиқ ижтимоий аҳамиятга эга бўлган даражага кўтарилди, деди депутатлардан бири.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистондаги цемент заводлари ҳақида кенг материал эълон қилган эди. 2024 йилдан бошлаб цемент ишлаб чиқарувчилар учун ер қаъридан фойдаланганлик солиғи миқдори режа қилингани каби 2 баравар эмас, 4 бараварга пасайтирилди. Қарор иқтисодий рағбатлантириш дея изоҳланди, аммо бу рағбатнинг атроф-муҳит ва инсон соғлиғига таъсири атрофлича муҳокама қилинмади.