Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 17 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда, жумладан, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот олиш учун экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовни парламентга таклиф этиш тўғрисида қарор қабул қилди, деб ёзмоқда «Газета.uz» мухбири.

Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси, Экология партияси фракцияси раҳбари Хайрулло Ғаффоров сўнгги пайтларда пойтахтдаги ҳавонинг ифлосланиши муҳокамалар мавзусига айланиб қолганини таъкидлади.

У Ўзгидромет маълумотларига таяниб, Тошкент шаҳрида январь ойида ҳаводаги майда PM2,5 заррачаларининг миқдори ўртача 45 мкг/м3 ни ташкил этгани, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан (5 мкг/м3) бир неча баравар юқори эканини айтди. Шунингдек, у IQAir халқаро хизмати рейтингида Тошкент дунёда ҳаво ифлосланиши бўйича юқори ўринни эгаллаб турганини таъкидлади.

Депутат яқинда Экология вазирлиги томонидан атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбалар ва муаммони ҳал қилиш юзасидан таклифлар ҳақида маълумот берилганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, 2019 йилда «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар билан масъул давлат органларининг ваколат ва функциялари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг мажбуриятлари белгиланган.

Шунга қарамай, вазият оғирлашмоқда, шу боис ахборотини тинглаш учун экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовни чақиришга қарор қилинди.

Депутат Илҳом Абдуллаевнинг айтишича, ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш парламент назорати ва демократиянинг муҳим элементларидан бири, шунинг учун «бундай воқеаларга тўлиқ масъулият билан ёндашиш керак».

«Бундан ташқари, ушбу сўровнинг асосини ташкил этган мавзу экология масаласидан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, бутун халқнинг хавфсизлиги, ҳаёти ва саломатлиги билан бевосита боғлиқ бўлган даражага кўтарилди», — деди у.

Унга кўра, Қонунчилик палатаси ахборотни тинглашдан ташқари, президентга ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун киритиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар киритиш, шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар юбориш, шунингдек, ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш, янги қонунлар қабул қилиш ва материалларни нашр этиш ташаббуси билан чиқиш имкониятига эга эканини таъкидлади.

«Парламент назорати доираси жуда кенг. Бу эса бундай сўровлар ташаббускорларига катта масъулият юклайди. Агар бирор фракция ташаббус билан чиқса ва Қонунчилик палатасидан бу сўровни қўллаб-қувватлашни сўраса, биз бу сўровни шунчаки мода мавзуси бўлгани учунгина ўтказа олмаймиз, биз парламент бу масалани ҳал қилишда қандай фойда келтириши мумкинлигини аниқ тушуниб олишимиз керак» — деди у.

Илҳом Абдуллаев бу борада ҳокимликлар, Экология вазирлиги томонидан кенг ҳамжли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

«Экология вазирини чақирганимизда, бу масала бўйича аниқ парламент позициясига эга бўлишимиз керак. Шу боис ушбу қарорни қўллаб-қувватлашда фракция материални тўлиқ ўрганишини ва қароримиз лойиҳасининг самарали эканини ҳисобга олишингизни сўрайман. Унда ростмана таклифлар бўлиши керак, шунчаки тингловни эшитиб, охирида: „Ҳа, шундай экан“ демаслигимиз керак. Биз аллақачон нималар бўлаётганини жуда яхши биламиз», — деди у.

Хайрулло Ғаффоров бунга жавобан фракция тингловни «кўргазма учун» ўтказишни режалаштирмаётганини айтди.

Унга кўра, фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида олимларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, бир вақтнинг ўзида муаммони жойида ўрганадиган ишчи гуруҳ тузилган.

Экология вазирлиги аввалроқ ҳаво сифати муаммоси борлигини тан олиб, вазиятни яхшилаш бўйича бир қатор чора-тадбирларни санаб ўтганди.

Яқинда Тошкент шаҳри марказида фаоллар, блогерлар ва санъат вакиллари аҳоли ва ҳукумат эътиборини экологик муаммоларга қаратиш мақсадида #TozaHavoKerak флешмобини ўтказганди. Улар расмийлардан бир марталик чоралар эмас, балки узоқ муддатли ва кенг қамровли ечим кутаётганини билдирган.