Сенатнинг 19 январь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқди. Ҳужжат билан ички ишлар органларига жиноят содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ва топишда хусусий ОАВ имкониятларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда.

Ўзгартиришларга асосан, эндиликда ички ишлар органлари ўз фаолиятлари доирасида жиноятлар ҳолатларини, уларни содир этган шахсларни аниқлаш, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлардан, суриштирув-тергов органларидан суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ва маъмурий жазони ўташдан бўйин товлаётган, шунингдек, бедарак йўқолган шахсларни қидириш учун давлат органлари томонидан таъсис этилган ОАВлар билан бир қаторда бошқа ташкилотларнинг ҳам ОАВларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев бошқа ташкилотлар деганда давлат рўйхатидан ўтган оммавий ахборот воситалари назарда тутилаётгани, мустақил журналистлар ва блогерлар назарда тутилмаётганини таъкидлади. Мажлисда сенаторлар қонунни бир овоздан маъқуллади.

Амалдаги «Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонун»да бунинг учун фақат давлат органлари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланиш назарда тутилган.

«Буларнинг барчаси жиноят содир этилишининг барвақт олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош этиш, қидирувдаги шахсларни ушлаш ҳамда жазонинг муқарарлигини таъминлашга хизмат қилади», — дея изоҳ берди мазкур ўзгартиришга Сенат раиси Танзила Нарбаева.