Ўзбекистонда 2023 йил давомида тез тиббий ёрдам хизматига 13 млн 522 минг 771 та чақириқ келиб тушди (2022 йилда 13 млн 22 мингта, 2021 йилда 12 млн 590 мингта). Бу ҳақда ССВ хабар бермоқда.

Қўнғироқлардан 888 минг 57 тасида катта ёшли, 337 712 тасида кичик ёшли беморлар шифохоналарга госпитализация қилинди.

Энг кўп мурожаат Фарғона водийси ва Тошкент шаҳридан, энг кам чақириқ эса Навоий ва Сирдарё вилоятидан келиб тушган.

Тез ёрдамга қилинган энг кўп ва энг кам мурожаатлар сони:

  • Фарғона вилоятида — 1 460 549 та;
  • Андижон вилоятида — 1 374 693 та;
  • Тошкент шаҳрида — 1 363 610 та;
  • Тошкент вилоятида — 1 288 111 та;
  • Наманган вилоятида — 1 257 328 та;
  • Навоий вилоятида — 413 247 та;
  • Сирдарё вилоятида — 491 104 та;
  • Жиззах вилоятида — 542 043 та.

Аввароқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2023 йилда тез ёрдамга 3,5 мингта ёлғон чақириқ тушганини хабар қилганди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматини ёлғондан чақирганлик ҳолатлари юзасидан низом ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ёлғон мурожаат қилганларни хизматнинг бир марталик чақирув харажати — бугунги кунда 178 минг сўм миқдорида жаримага тортиш таклиф этилмоқда.