Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров 2023 йилда «103» хизматига жами 3505 та ёлғон чақириқ келиб тушганини маълум қилди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Унинг сўзларига кўра, мазкур кўрсаткични 2022 йил билан таққосланса, асоссиз мурожаатлар сони сезиларли даражада камайганини кўриш мумкин. Аммо шунга қарамай, айрим ҳудудларда ёлғон мурожаатлар сони ҳамон юқорилигича қолмоқда.

2023 йилнинг ўтган 12 ойи давомида энг кўп бундай чақириқ қуйидаги ҳудудлардан келиб тушган:

  • Тошкент вилоятида — 630 та;
  • Фарғона вилоятида — 518 та;
  • Қашқадарё вилоятида — 502 та.

Энг кам ёлғон чақириқ эса Самарқанд вилоятида (19 та) рўйхатга олинган.

«Ёлғон чақириқлар сабабли аксарият ҳолларда тиббиёт бригадалари чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бора олмайди. Оқибатда шифокорлар ҳақиқий ёрдамга муҳтож беморлар қолиб, ёлғон қўнғироқ эгаси ва унинг манзилини аниқлаштириш билан овора бўлади. Бу эса оғир беморлар ҳаётини хавф остига қўйиши аниқ», — деди Абдувоитжон Гафуров.

Маълумот учун, 2022 йилда Республика тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган 5 минг 446 та мурожаат ёлғон чақириқ деб баҳоланган.

Айни вақтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда махсус хизматларни, жумладан, ички ишлар органи, ёнғинга қарши хизмат, тиббий тез ёрдамни қасддан алдаб чақирганлик учун БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача (330 минг сўмдан 990 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги берган изоҳга кўра, кодексда жавобгарлик белгиланганига қарамай, жарималарни қўллаш тартиби бўйича низом мавжуд эмас. Вазирлик томонидан эълон қилинган 2024−2026 йилларга мўлжалланган бюджетномада ёлғондан чақирганларни чақирув харажати миқдорида жаримага тортиш таклиф этилган. Бир марталик чақирув харажати бугунги кунда 178 минг сўмни ташкил қилади.