Ўзбекистонда тез тиббий ёрдамга ёлғон чақирув бўлган ҳолатларда чақирувни амалга оширган фуқароларга тегишли битта чақирув харажати миқдорида жарима қўллаш амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда. Мазкур таклиф Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2024−2026 йилларга мўлжалланган бюджетномада келтириб ўтилган.

Бундан мақсад тез тиббий ёрдам хизмати имкониятларидан тўғри ва самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳолига манзилли тез тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш экани таъкидланган. Бюджетномада, шунингдек, сурункали ва доимий тез тиббий ёрдам чақирувларига чеклов белгилаш ҳам таклиф этилган. Қайд этилишича, 2023 йилда 1 та тез тиббий ёрдам чақирувга давлат бюджетидан ўртача 178,2 минг сўм маблағ сарфланмоқда.

Айни вақтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда махсус хизматларни, жумладан, ички ишлар органи, ёнғинга қарши хизмат, тиббий тез ёрдамни қасддан алдаб чақирганлик учун БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача (330 минг сўмдан 990 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги берган изоҳга кўра, кодексда жавобгарлик белгиланганига қарамай, жарималарни қўллаш тартиби бўйича низом мавжуд эмас. Шу сабабли бу бўйича низом ишлаб чиқилиши ва шу жумладан, тез тиббий ёрдамга бир неча бор ёлғон чақирувлар қилаётганларни жаримага тортиш тартибини аниқлаштириш таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь-июнь ойларида тез тиббий ёрдам хизматига жами 1752 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб мингтага камайган. Мазкур даврда тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган жами чақириқлар сони эса 6 млн 337 мингтани ташкил этган.