14 январь куни Nuz.uz («Новости Узбекистана») нашри ўз мухбири Михаил Довлатов журналистик суриштирув олиб бормоқчи бўлганида Тошкент шаҳри Учтепа тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушлангани ҳақида хабар берди.

Унда айтилишича, мухбир Учтепа тумани 11-даҳада яшовчи фуқаролардан келиб тушган сўров бўйича вазиятни ёритишга борган. Одамлар тахминан 150 та гаражи ва автотураргоҳда ўсадиган 98 та дарахт ўрнига болалар боғчаси қуришмоқчи эканликларидан шикоят қилган. Вазиятни жойида ўрганиш учун 14 январь куни соат 13:00 да учрашишга келишилган. Унга Учтепа тумани ҳокимлиги вакиллари, экологлар ва бошқа мутахассислар ҳам таклиф этилган.

«Автотураргоҳга кираверишдан 50 метр нарида бир гуруҳ эркакларга кўзим тушди, уларнинг баъзилари ҳуқуқ-тартибот идоралари кийимида эди, кираверишда Isuzu ҳам тўхтаб турганди. Уларнинг ёнидан ўтгач, менга гапиришаётганини эшитдим, орқага ўгирилдим ва фуқаролик кийимидаги бир киши яна мени чақирди. Гап нимада эканини билиш учун унга яқинлашдим. У менга бу ерда чекиш тақиқланганини айтди. Мен унга бу ерда чекишни тақиқловчи белгилар борми? дея савол бердим. У эса бу ерда ҳамма нарса жамоат ҳудудига кириши ва умуман чекиш мумкин эмаслигини айтди», — дейди у.

Мухбирнинг сўзларига кўра, шундан сўнг у билан гаплашиб олишлари кераклиги айтилган ва тумандаги 2-сонли ички ишлар идорасига олиб борилган. Бу жараёнда унинг телефони ва жиҳозлари олиб қўйилган. Суҳбат давомида унга қонуннинг жамоат жойларида чекиш тақиқланган бандини кўрсатишгани, бундан ташқари, рухсат этилмаган митинг уюштиришга урингани айтилмоқда.

Михаил Довлатов мазкур жараёнда 5 соат давомида ушлаб турилганини таъкидлади. «Кун охирида мени фуқаролик кийимидаги бошқа шахснинг олдига олиб келишди, у ерда тақдим этилган 194-моддани (Ички ишлар ходимининг қонуний талабларига риоя қилмаслик) эшитдим ва уни ўқиб чиққаним ҳақида имзо чекдим… Телефонимга жарима ҳақида SMS келганини ҳам пайқадим, у қандай асосда берилгани аниқ эмас», — дейди мухбир.

Nuz.uz таҳририяти масъул идораларни вазиятни ўрганишга чақирди, чунки Ўзбекистоннинг бир нечта қонунлари «бирданига қўпол равишда бузилган». Журналистга ахборотни эркин олиш ва тарқатиш, шунингдек, ўз касбий фаолиятини амалга оширишда ҳимоя қилишни кафолатлайдиган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги ва «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Таҳририятнинг қайд этишича, қамоққа олиш тартиби ва қоидалари ҳам бузилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, маъмурий қамоқ уч соатдан кўп бўлмаслиги мумкин, алоҳида зарурат туғилган ҳоллар бундан мустасно.

Маъмурий қамоққа олиш вақтида шахс ўзининг жойлашган жойи тўғрисида қариндошларига, адвокатига ёки иш ёки ўқиш жойига хабар беришни сўраши мумкин. Михаил Довлатовга бундай ҳуқуқ берилмаган.

Ходимлар ҳам ўзларини таништирмаган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатмаган, бу ҳам қоидабузарлик ҳисобланади.

Nuz.uz`нинг хабар беришича, Михаил Довлатов билан учрашиши керак бўлган айрим фуқаролар «салкам бир кун» (нашр хабарни эълон қилган вақтда) 2-ички ишлар бўлимида ушлаб турилган. Таҳририят ходимларнинг ушбу шахсларга нисбатан ҳаракатларининг қонунийлигини текширишни сўради.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бермади.

АОКА муносабати

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат бўйича муносабат билдирар экан, мамлакат қонунчилигида журналистлар ҳуқуқлари, ахборот олиш эркинлигига оид масалалар қатор нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилганини эслатиб ўтди.

«Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81- ва 82 моддаларида давлат ОАВ фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлаши, шунингдек, цензурага йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган», — дейилади унда.

АОКА, шунингдек, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги ҳамда «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунларида ҳам журналистнинг дахлсизлиги, унинг ахборот тўплаш ва текширув ўтказиш ҳуқуқлари ва кафолатлари, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик батафсил тавсифланганини таъкидлади.

«АОКА мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан муносабат билдиришлари, шунингдек, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги мақсадида аниқ ўрганиш ҳамда тегишли хулоса ва чоралар кўрилиши бўйича Бош прокуратурага сўров хати юборди», — дея маълум қилди агентлик.

Ташкилот, ўз навбатида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирди.