Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни геология соҳасида қилинган ишлар ва келгуси режаларга оид тақдимот билан танишди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда геология соҳасига йилига 1 триллион сўмдан маблағ ажратилиб, зарур шароитлар яратилмоқда. Бунинг натижасида 31 минг квадрат километр янги ҳудудлар ўрганилди. 1 миллиард 700 миллион долларлик инвестиция лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Лекин соҳада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Конлар ва уларни ўзлаштириш кўламини кенгайтириш мумкин, дейилади хабарда.

Давлат раҳбарига тақдимотда шу борадаги истиқболли лойиҳалар, хусусан, жорий йилга мўлжалланган режалар тўғрисида ахборот берилди. Президент яқин ва узоқ истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди. Бу соҳада узоқни кўзлаш ва замондан илгари юриш муҳимлигини таъкидлади.

Тақдимотда аҳоли, ижтимоий соҳа ва саноат тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиқиб, кўмир қазиб чиқариш ҳажмини 22 фоизга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Хорижий тажриба асосида, бойитиш чиқиндиларини қайта ишлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Шу боис геология-қидирув ишларини кенгайтириш, аниқланган захираларни самарали ўзлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев соҳага хорижий технологиялар ва инвестициялар жалб қилишни давом эттириш, бу орқали геологик қидирувлар ва қазиб олиш натижадорлигини ошириш вазифаларини қўйди.

Давлат раҳбари бойитиш чиқиндиларини қайта ишлар масаласига ҳам эътибор қаратди.

бобир исломов, каолин, кўмир, президент, шавкат мирзиёев

Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Исломов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президент томонидан халқаро экспертларни жалб этган ҳолда стратегик аҳамиятга эга минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва инновацияларни жорий этиш, шунингдек, «ноанъанавий» турдаги конларни аниқлаш ва ўзлаштириш бўйича топшириқ берилганини таъкидлади.

Бундан ташқари, тадбиркорларни қоғоз саноати, тиббиёт ва косметология соҳаларида чинни ва идиш-товоқлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган «юқори сифатли ва арзон» каолин (оқ лой) билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Кўмир қазиб олиш ва импортининг ўсиши

Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2023 йилнинг 11 ойида кўмир қазиб олиш 5,73 млн тоннага ошган (+19,1 фоиз), аммо олдинги чоракларда қазиб олиш тез кўпайганидан сўнг сентябрь ойидан (685 минг тонна) пасайиш бошланган.

Шу билан бирга, 2023 йил охирида Қозоғистон кўмири импорти йил давомида 1,4 миллион тоннага — 3,1 миллион тоннагача ошган (+82,3 фоиз). 10 ой давомида Қирғизистондан 30,9 миллион долларлик (ҳар тонна учун 34,6 доллар) 895,4 минг тонна кўмир импорт қилинган. Қиймат жиҳатидан январь-ноябрь ойларида етказиб бериш ҳажми 189,2 млн долларга баҳоланмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда газни тежаш мақсадида иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаб ва шифохоналарнинг бир қисми кўмир ёқилғисига ўтказилмоқда. 2023 йилда 5407 та ижтимоий объект, 1147 та иссиқхона ва 250 та заводнинг кўмирдан фойдаланишга ўтказилиши кутилмоқда.

Атроф-муҳитга таъсири

Яқинда Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг асосий омилларидан бири сифатида ИЭСларда кўмир ва мазутдан фойдаланиш кабиларни санади.

Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортмоқда. Хусусан, 2019 йилда 3,9 млн тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 5,3 млн тоннага, 2023 йил якунига кўра эса 6,7 млн тоннага етган, дейилади баёнотда.

«Кўмир ёқилғисини қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда ажралиб чиқувчи ифлослантирувчи моддалар эса атроф-муҳит, жумладан, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сув ресурсларининг ифлосланишига олиб келмоқда», — дея қайд этди вазирлик. Таъкидланишича, 10 тонна кўмир ёқилганда атмосферага 220 кг куйик, 360 кг олтингугурт оксиди II, 64 кг углерод оксиди, 16 кг азот оксиди II ва 2 тонна кул чиқади.

Вазирлик Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадларида кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилди.

Иқлимшунос Эркин Абдулахатов яқинда берган интервьюсида иссиқхоналарни кўмир ёқилғисига оммавий равишда ўтказиш Париж иқлим келишувига зид эканини айтди. «Майли, газ йўқ, бошқа чора йўқ, лекин аввал нархидан қатъи назар, фильтрлар ўрнатиш, уларни текшириш, кейин кўмирга ўтиш керак эди», — деди мутахассис.