13 январь куни соат 17:20 атрофида Жиззах вилояти Бахмал туманида электр таъминоти корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ИИБга хабар бериб, унда тумандаги электр таъминоти корхонасида электромонтёр сифатида ишловчи 47 ёшли Т.У. «Ойқор» ҚФЙ «Сартюзи» қишлоғида симёғочга чиққан вақтида ток уриб вафот этганини маълум қилган.

Олиб борилаётган терговга қадар текширувда ҳодиса содир бўлган жойга марҳум Т.У. ҳамкасби билан бирга боргани аниқланган. Улар Бахмал тумани электр таъминоти корхонасининг «Ойқор» ҚФЙ ҳудудига масъул ходимлар бўлиб, 13 январь куни «Ойқор» ҚФЙ ҳудудида электр таъминоти узилиб қолгани учун ушбу носоз жойни аниқлаш мақсадида текширув олиб бораётган бўлган.

Ғаллаорол тумани суд-тиббий экспертизаси хулосасида марҳум Т.У.нинг ўлими «тананинг электр токи уриши ва ёниши» оқибатида юзага келгани кўрсатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.