Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли учун ўсувчан коэффициентларнинг жорий этилиши қўшимча 26 млрд сўм ундириш имконини берди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги «Газета.uz»га маълум қилди.

Ойига 1000 кВт/соатдан ортиқ электр энергияси истеъмол қиладиган маиший абонентлар учун ўсувчан коэффициентлар (2 дан 4 гача) 1 ноябрдан жорий этилганди. Ўшанда Энергетика вазирлиги ўсувчан коэффициентлар истеъмолчиларнинг 98 фоизига таъсир қилмаслигини қайд этганди (яъни истеъмолчиларнинг шунча қисми 1000 кВт соатдан камроқ электр энергияси истеъмол қилади).

Биргина ноябрь ойида ўсувчан коэффициентлар жорий этилиши ҳисобига истеъмолчилардан қўшимча 26 млрд сўм ундирилган. Совуқ ҳаво туфайли электр энергияси истеъмоли кўпроқ бўлган декабрь ойи учун маълумотлар кейинроқ берилиши кутилмоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, республика бўйича 6,869 млн абонент (жами абонентларнинг 98 фоизи) 1000 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилади, бироқ уларнинг истеъмолдаги улуши 87,3 фоизни ташкил этади.

Қолган ҳажм (деярли 13 фоиз) абонентларнинг 2 фоизига, яъни 1000 кВт/соатдан ортиқ электр энергияси истеъмол қиладиган абонентларга тўғри келади. Аввалроқ 10 минг хонадон ойига 5 минг кВт/соатдан, яна 4 мингтаси эса 10 минг кВт/соатдан ортиқ электр энергияси истеъмол қилиши таъкидланганди.

«Мана шу 2 фоиз ҳисобидан ноябрь ойида 26 млрд сўм тўлов ўтказилишига эришдик», — деб таъкидлади Энергетика вазирлиги.

Вазирлик ҳисоб тизимини солиқ органлари билан интеграциялаган, шунинг учун абонентлар линияларни ажратиш ва маълумотларни қайта тақсимлаш орқали кўрсаткичларни камайтира олмайди, дея таъкидлади вазирлик.

Қайд этилишича, мазкур чоралар сабабли ҳам декабрь ойида аҳолининг электр энергияси истеъмоли ўтган йилга нисбатан камайган. Баҳорда газ ва электр энергияси тарифларининг мумкин бўлган оширилиши туфайли истеъмол янада камайиши мумкин, дея тахмин қилмоқда вазирлик.

Коэффициентлар бўйича 1 кВт соат электр энергияси нархи
Истеъмол
1000 гача
1001−5000
5001−10 000
10 001 ёки ундан кўп
Коэффициент ва тариф сўмда
1 — 295
2 — 590
3 — 885
4 — 1180