«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқаролик жамияти, бизнес, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва экспертлар ўртасида 2023 йилда Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар юз бергани ҳамда уларнинг 2024 йилдан кутилмаларини билиш мақсадида сўровнома ўтказди.

Сўровда жамоат арбоблари, сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес ва академик ҳамжамиятнинг 260 нафар вакиллари иштирок этди, деб ёзди ҳаракат.

Жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова, ЎзА бош директори биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев, сиёсатшунос-экспертлар Камолиддин Роббимов, Фарҳод Толипов, Юрий Саруханян, депутат Дониёр Ғаниев, ҳуқуқшунос Дилфуза Қуролова, гендер масалалари бўйича эксперт Камола Алиева, журналист ва блогерлар Муҳрим Аъзамхўжаев, Қобил Ҳидиров, Ёрқин Содиқов, Азиз Қаршиев, ННТ раҳбарлари Ойбек Исоқов, Наталья Свиридова ва бошқалар бор.

аёллар ва болалар ҳимояси, коррупцияга қарши курашиш, таълим, юксалиш, янги конституция

Респондентларга ҳар бир тақдим этилган саволлар жавобларини 3 тагача танлаш, шунингдек, бошқа, яъни ўз таклифини киритиш имкони берилди.

Сўров натижаларига кўра, Ўзбекистонда якунланаётган йилнинг асосий ўзгаришлари қуйидагилар:

  1. Референдум ўтказилиб, Конституция янги таҳрирда қабул қилингани — 70,3 фоиз;
  2. Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун кучга киргани — 59,7 фоиз;
  3. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани — 45,9 фоиз.

Шунингдек, экспертлар жорий йилда Ўзбекистонда энергетика тизими яхшилангани, хусусан, йирик қувватдаги қуёш ва шамол электр станцияларининг фойдаланишга топширилгани (36,2 фоиз), уюшган жиноятчиликка қарши қатъий кураш олиб борилгани, «кўча» жиноий гуруҳларидан тозалангани (33,2 фоиз), давлат байроғи мақомининг оширилиши, ундан кенг фойдаланиш имкониятининг яратилгани (32,1 фоиз)ни қайд этган.

Айрим респондентлар қўшни давлатлар билан алоқаларнинг мустаҳкамланиши, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси ва икки давлат фуқароларининг чегарадан ID карта орқали ўтиш имконияти яратилгани ҳамда маъмурий ислоҳотлар — ҳукуматга бўйсунувчи давлат бошқарув органлари сонининг 61 тадан 28 тага камайтирилиши аввалги йиллардаги таклифларнинг ижобий натижаси деб ҳисоблаган.

2024 йилда қандай ислоҳотларни кутяпсиз?

Бу саволга респондентларнинг 63,3 фоизи «Коррупцияга қарши муросасиз курашиш, барча бўғинларда „тозаловлар“ ўтказиш» деган жавобни танлаган.

Бундан ташқари, сўров иштирокчиларининг 61 фоизи электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга батамом барҳам бериш, 47,2 фоизи таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва замонавийлаштириш керак, деган фикрда.

Энг кўп танланган жавоблар орасида озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш, инфляциянинг олдини олиш ҳам бор (45,3 фоиз).

Сўров иштирокчилари, шунингдек, бўлажак ислоҳотлар учун стратегик режалаштиришни йўлга қўйиш, сиёсий партиялар фаолияти учун рақобатбардош сиёсий муҳит шакллантириш, коррупцияга барҳам бериш учун ҳокимлар, тиббиёт муассасаларининг бош шифокорлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари директорларини ҳар икки йилда бир ротация қилиш зарур, деган фикрларни қолдиришган.

аёллар ва болалар ҳимояси, коррупцияга қарши курашиш, таълим, юксалиш, янги конституция

Эслатиб ўтамиз, аввалги сўровда ҳам экспертлар 2023 йилда энг аввал коррупцияга қарши аниқ ва амалий чоралар билан курашиш керак, деб ҳисоблаганди (респондентларнинг 49,7 фоизи шу жавобни танлаган).

«Йил давомида бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди», — деб таъқидлади «Юксалиш» ҳамда барча давлат органларида комплаенс ва самарадорликни баҳолаш рейтинг тизимлари йўлга қўйилгани, давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилгани, коррупциявий айбловлар билан бир нечта жиноий гуруҳлар, мансабдорлар жазога тортилганини эслатиб ўтди.

Жорий йилда мамлакат Open Data Inventory рейтингида 30-ўринга кўтарилди. Бундан ташқари, 2030 йилга қадар коррупция даражасини кўрсатувчи Transparency International индексидаги ўринни яна 50 поғонага яхшилаш мақсад қилинган.

Аксарият респондентлар 2024 йилда экологик муаммоларни бартараф этиш, ошкора ва адолатли парламент сайловларини ўтказиш масалаларига эътибор қаратилиши зарурлигини таъкидлаган.

«Юксалиш», шунингдек, экспертлар «сўнгги пайтлардаги рус сиёсатчиларининг агрессив чиқишлари фонида» «армия қудратини ошириш»ни ҳам 2024 йил учун устувор вазифалардан бири сифатида белгилаганини таъкидлади.