Россиялик сиёсатчи, ёзувчи Захар Прилепин собиқ СССРга тегишли бўлган барча ҳудудларни тиклаш ва унинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифи билан чиқди. У бу ҳақда 20 декабрь куни Москвада ўзининг «қўмондонлар кенгаши» фаолияти юзасидан ўтказган матбуот анжуманида гапирди.

Захар Прилепин тарафдорларининг саволларига жавоб бераркан, улардан бирининг демографиядаги муаммолар ва мигрантлар билан можаролари бўйича берган саволига кўпроқ бола туғилиши кераклигини айтиб жавоб қайтарди.

«Руслар қанча кўп бўлса, кўп сонли мигрантлар бизнинг юртда ўзини нотўғри тутиши билан боғлиқ муаммолар камроқ бўлади», — деди у. Ёзувчи, шунингдек, «мигрантларни Россияда эмас, балки улар келган давлатларда, дейлик, Ўзбекистонда, ўқитишни» таклиф қилди.

«Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Биз Совет Иттифоқини қайта тиклаш мавзусини кўтарамиз ва бу бизга исталган вақтда, „сизнинг икки миллион фуқаронгиз бизнинг ҳудудда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз, чунки кўпчилик аллақачон шу ерда, ҳаттоки бунга овоз беришган“, дейишга имкон беради. Киевдаги параддан кейин Евросиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким», — деди амалдор.

У бу ўзининг шахсий фикри эканини қўшимча қилган. Матбуот анжуманида қатнашаётганлар унинг гапини қарсаклар билан қўллаб-қувватлаган.

Жамоатчилик муносабати

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Захар Прилепиннинг бу гапларидан сўнг «Ўзбекистонга умуман киритилмайдиган советпараст чет элликлар рўйхати шакллантириш ва очиқ танишишга имконли бир кўринишда эълон қилиш» таклифи билан чиқди. Улар Ўзбекистонга келгани ҳамоноқ аэропортнинг ўзидан депортация қилиниши ва «умуман қорангни кўрмайлик бу ерда» деб тушунтириб юборилиши шарт, дея таъкидлади у.

«Бу рўйхатга дуч келган одам киритилавермайди, айнан — хатти-ҳаракатлари, гапирган гаплари Ўзбекистон мустақиллигига таҳдид сифатида кўрилган шахслар асос билан киритилади. Масалан, „СССР қандай парчаланган бўлса, ўша ҳолида тикланиши керак“, „СССР ноқонуний парчаланган, унинг парчаланиши ҳақидаги ҳужжатлар ноқонуний ва ҳақиқий эмас“, деса, тамом — дабба детектед ва дарҳол рўйхатга!», — деди Муҳрим Аъзамхўжаев.

«СССРни қайта тиклаш ҳақида гапириш — бу Ўзбекистонга, унинг мустақиллигига тажовуз қилишдек гап», — дея қўшимча қилди журналист.

Адлия маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова Муҳрим Аъзамхўжаевнинг сўзларини маъқуллаб, мустақилликни хоҳ ичкарида, хоҳ ташқарида туриб камситишга уринганлар, таҳдид қилиш ёки қадрини оз бўлса-да пасайтириб гапирганларга нисбатан чоралар бўлиши кераклигини қайд этди.

«Мустақиллик — бизнинг муқаддасотларимиздан, бош қадриятларимиздан бири… Бу кўп миллионли халқнинг тақдири, хавфсизлиги ва келажаги ҳақидаги масала», — деди у.

Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Прилепин ва Ўзбекистонни босиб олмоқчи бўлаётган бошқаларга биринчи навбатда ўз тилида «пошёл на х…» дейиш кераклиги ҳақида ёзди. Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпаётгани, бу эса хавотирли эканини қўшимча қилди.

«Ўзбекистонликлар бошқа мақсад йўлида бирлашмаса-да, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида бирлаша оладилар. Расмий Кремль мамлакат ва халқлар ўртасида уруш ва адоватни қўзғаётган бу каби шовинистларга нисбатан қонуний чоралар кўриши керак. Акс ҳолда Ўзбекистонни босиб олиш бу кўпчилик томонидан Кремлнинг келажакдаги стратегик режаси сифатида қабул қилинади», — деди собиқ депутат.

Шунингдек, у Шимолий Кореяни ракета учирганидан ташвишга тушадиган Ташқи ишлар вазирлиги ҳеч бўлмаса ҳозир уйғониб, бу бўйича расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракат раиси Бобур Бекмуродов эса Прилепиннинг «Ўзбекистонни босиб олиш» таҳдидини мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат дея атади. У рус сиёсатчиларининг бундай қарашлари ўзбекистонликлар орасида Россияга салбий муносабатни кучайтираётганини билдирди.

«Унинг тобора камайиб бораётган нуфузини янада пасайтирмоқда. Рус сиёсатчилари агрессив кайфият ва сўзлар билан дўст орттириб бўлмаслигини англаб етиши зарур. Айнан шундай агрессив ҳаракатлари дўстона муносабатдаги мамлакатлар билан алоқаларнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда… Прилепин ва бошқа рус сиёсатчилари илгари сураётган бундай қарашлар иллюзиядан бошқа нарса эмас. Кимгадир ёқадими, ёқмайдими, Ўзбекистон мустақил, мустаҳкам суверенитетга эга мамлакатдир. Прилепин бу гаплари билан Россия Конституциясининг ўзга давлатлар билан тинч ҳаёт кечириш, ички ишларига аралашмасликни назарда тутувчи 79.1 моддасига зид чиқмоқда», — деб ёзди у.

Бобур Бекмуродов Захар Прилепинни бундай ҳаракат Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида қатъий огоҳлантирди. Қолаверса, қарийб 60 минг аъзога эга бўлган ҳаракат номидан Россия расмийларини иттифоқчи мамлакатга нисбатан бундай агрессив баёнотларга эътибор қаратишга ва батамом чек қўйишга чақирди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров Россия Ғарбнинг тарқоқ ва қўрқоқлигини қўл келишидан умидвор бўлиб, Украинада уруш бошлаганини, бироқ Марказий Осиёга олақараш қила олмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, Туркия ва Хитой Ғарб эмас.

«Рус «перепёлка»лари Украинада бўлганидек, Россия ва Ўзбекистондаги ўзбек руспарастларининг «чизилган» статистикасидан умидвор бўлаётган бўлиши мумкин, лекин ишонинг Украина воқеалари бундайларни ҳам сонини кескин камайтириб юборди. Яна такрорлайман, Россиянинг бошига ўзининг аҳмоқлари етади!», — деди у.

захар прилепин, россия, ссср, ўзбекистон

Кўп ўтмай депутатнинг ушбу пости Telegram канали ва X (Twitter) саҳифасидан ўчириб юборилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов «Справедливая Россия — Патриоты — За правду»нинг ҳамраиси Захар Прилепиннинг бу чиқишини урушни тарғиб қилишга қаратилган чиқиш сифатида кўрди. У Ўзбекистон мустақил ва суверен давлатлигини, уни босиб олишга, ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини эслатиб ўтди. Бундай «сурбетлик билан эълон қилинган фикрлар на халқаро ҳуқуққа, на соғлом ақлга тўғри келмаслиги ҳақида гапирди.

«Шуни ғурур билан айтамизки, мамлакатимизда тинчлик-тотувлик ҳукм сураётгани, бунёдкорлик ишлари изчиллик билан давом этаётгани, иқтисодимиз юксалаётгани, спортчиларимиз забт этаётган шоҳсупалар, эришаётган ютуқларимизнинг барча-барчаси мамлакатимиз қудратидан далолатдир», — деди у.

Блогер Зафарбек Солижоновнинг фикрича, Кремль тарғибот машинаси Ўзбекистонга ҳам узатиладиган телеканалларда айланиб ётибди. Ҳукумат на уларга қарши муқобил платформа яратди, на шу каби тарғиботга қарши муносабат берадиган, ҳақиқатни кўрсатадиган фаолларни қўллади.

«Видеода мигрантлар сони урғуланиши орқали Кремль босимини ҳис қилиш мумкин. Мигрантларнинг аксари эса аввалги ва ҳозирги ҳукумат хатоларининг ҳосиласи холос. Давлатчилик мустаҳкамланиши, фуқаролик жамияти ривожланиши, коррупция даражаси кескин камайишига хизмат қилишга хизмат қилувчи ва шу каби бошқа муҳим лойиҳалар ижроси ҳалиям пайсалга солиняпти. Бу эса босқинчи буюк давлатлар фойдасига хизмат қилаверади. Улар хоҳлаган кайфиятини кўрсатаверади. Эртага рус босқинчилари бостириб келса, дарвозани очиб берадиган сотқинлар юз минглаб топилса керак», — дея ёзди у.

«Депутатлар қаердаги бир шахснинг фикрига муносабат беришдан кўра муҳим саволларни ўзимизникиларга қаратсин. „Рус элчиси чақирилиб муносабат сўралади“, „нота юборилади“, ҳммм, шунчалик романтикмисизлар?)», — дея савол билан юзланди блогер.