Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган қонунни имзолади, деб хабар берди Ўзбекистон президенти Администрацияси коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева.

«Мен ушбу ғалаба билан фахрланаман ва унда иштирок этган барчадан миннатдорман! Олдинда ушбу моддалар ишлаши ва жамият ўзгариши учун қийин ва узоқ йўл турибди», — деб ёзди у Telegram каналида.

Саида Мирзиёева, шунингдек, давлат органлари, фуқаролик жамияти, фаоллар ва оммавий ахборот воситаларини «зўравонликка қарши курашнинг ягона механизмига айланиб, бу жараёнга аралашишга» чақирди.

«Зўравонлик — жиноят. Зўравонлик бизнинг маданиятимиз эмас!» — дея таъкидлади у.

Эслатиб ўтамиз, 6 апрель куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон қонунчилигига болалар ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтирувчи ўзгартишларни маъқуллаган эди. Энди жинсий зўравонликда айбланганлар муддатидан илгари озодликка чиқмайди ва уларнинг рўйхати тузилади. Зўравонликка учраганларнинг ёш чегараси бекор қилинади. Жиноятчининг муайян жойларга бориши тақиқланади.

Қонуннинг тўлиқ матни эртага, 12 апрель куни «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинади.

Маълумот учун, ўзгартиришлар вазирлик ва идоралар, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, фуқаролик фаоллари, жумладан Nemolchi.uz лойиҳаси фаолларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан бир йил давомида ишлаб чиқилган.