Тошкентда Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Афғонистон транспорт ва фуқаро авиацияси вазири вазифасини бажарувчи Ҳамидулла Охунзода икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди, деб хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Томонлар, шунингдек, автомобиль ташувларида ундириладиган йиғим ва тўловларни паритет асосида ундирилишини таъминлаш, Афғонистон ҳудуди орқали транзит ҳамда икки томонлама ташувларни ривожлантириш ва темирйўл ташувларидаги тариф ставкаларига имтиёзлар тақдим этиш бўйича келишиб олди.

2021 йил февраль ойида Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида «Мозори Шариф-Кобул-Пешовар» темирйўли қурилиши бўйича йўл харитаси имзоланганди. Лойиҳани май ойида тайёрлаш, йўл қурилиши эса 2021 йил сентябрида бошланиши режалаштирилганди. Аммо Афғонистонда ҳокимият алмашиши лойиҳани секинлаштирди. Бироқ декабрь ойида Афғонистон муваққат ҳукумати лойиҳага қўшилди. 2022 йил 18 июлда ушбу мамлакат ҳудудида Трансафғон темирйўлининг йўналишини ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланган.

2023 йил май ойида Тошкентда Трансафғон темирйўли лойиҳасини мувофиқлаштириш офиси очилган. Июлда эса Трансафғон темирйўли бўйича музокараларнинг якуний босқичи бошлангани ҳақида хабар берилган.

Ўзбекистон «Боштранслойиҳа» институти йўл қурилиши қийматини 4,6 миллиард долларга, Покистон 8,2 миллиард долларга баҳолаган. ОАВ хабарларига кўра, лойиҳа 4,8 миллиард доллардан 6 миллиард долларгача баҳоланган. У 573 км узунликдаги ва йилига 20 миллион тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлган автомобиль йўлини қуришни назарда тутади. Янги транспорт йўлаги Европа Иттифоқи, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва ундан кейинги Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлаши керак.

Август ойида Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотда Афғонистон орқали ўтадиган темирйўлнинг аҳамияти ҳақида гапирганди. «Мана шу иккита катта темирйўл бўлса, биз ҳам тариф орқали манфаат кўрадиган давлатга айланамиз, бировга қарам бўлмаймиз», — деганди президент.