12 май куни Тошкентда Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўл линиясини қуриш лойиҳасини мувофиқлаштириш офиси очилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Маросимда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, транспорт вазири Илҳом Махкамов, инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси вакиллари, Покистон ва Афғонистон элчилари ҳамда Афғонистон темир йўл бошқармаси раиси иштирок этди.

Қайд этилишича, лойиҳа офисининг ташкил этилишидан мақсад унинг техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқиш ва лойиҳанинг амалий бажарилишини тезлаштиришдан иборат. Исматулла Иргашевнинг сўзларига кўра, бу борада 2018 йилдан буён ишлар олиб борилмоқда.

«Офиснинг ўз вақтида очилиши Марказий Осиё мамлакатларни Покистоннинг 230 миллионли аҳолиси билан боғлайди, шунингдек, муқобил рақобатбардош йўналишларда Араб денгизи ҳавзаси давлатлари билан ўзаро савдо қилиш имкониятларини очади», — деди Покистон элчиси Аҳмад Фаруқ.

Афғонистон темир йўл бошқармаси раиси Бахтурраҳмон Шарафатнинг айтишича, офис очилиши лойиҳани амалга оширишда Россия ва Марказий Осиёдан Жанубий Осиё мамлакатларига миллионлаб тонна табиий ресурслар ва бошқа товарларни ташиш имконияти пайдо бўлади.

Шунингдек, вазирлик хабарига кўра, 11−12 май саналарида Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўл линиясини қуриш лойиҳасини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги уч томонлама музокаралар бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил февраль ойи бошида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ушбу темир йўл қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаганди. Лойиҳа иштирокчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, унинг дастлабки қиймати тахминан 5 млрд долларни ташкил этган.

20 млн тоннагача юк ташиш салоҳиятига эга янги транспорт йўлаги Европа Иттифоқи, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва ундан кейинги Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлаши керак.

Лойиҳани май ойида тайёрлаш, йўл қурилиши эса 2021 йил сентябрида бошланиши режалаштирилган эди. Аммо Афғонистонда ҳокимият алмашиши лойиҳани секинлаштирди. Бироқ декабрь ойида Афғонистон муваққат ҳукумати лойиҳага қўшилди. Июль ойида Афғонистон ҳудудида йўналиш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаш учун экспедиция ишлари бошланди.

Июль ойида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро анжуманда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси бўлажак магистрал лойиҳасининг тафсилотларини тақдим этди. Spot нашрининг хабар беришича, лойиҳа 2027 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган.

«Боштранслойиҳа» институти йўл қурилиши қийматини 4,6 млрд долларга баҳолаган. Унинг ишга туширилиши Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги юкларни етказиб беришни 3−5 кунгача тезлаштириши, шунингдек, уни уч баробар арзонлаштириши кутилмоқда. Бироқ Покистон «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини 8,2 млрд долларга баҳолаганди.