Трансафғон темир йўлини қуриш қиймати дастлабки ҳисоб-китоблардан сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин. Бу ҳақда Spot Покистоннинг Samaa нашрига таяниб хабар бермоқда.

Лойиҳанинг янги смета қийматини душанба куни Покистон Сенатининг темир йўл инфратузилмаси қўмитаси йиғилишида Темир йўллар вазирлиги котиби Зафар Ранжа маълум қилди.

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли лойиҳасини амалга ошириш 8,2 млрд долларга тушади.

Эслатиб ўтамиў, 2021 йил февраль ойи бошида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ушбу темир йўл қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган эди. Лойиҳа иштирокчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, унинг дастлабки қиймати тахминан 5 млрд долларни ташкил этган.

20 млн тоннагача юк ташиш салоҳиятига эга янги транспорт йўлаги Европа Иттифоқи, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва ундан кейинги Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлаши керак.

Лойиҳани май ойида тайёрлаш, йўл қурилиши эса 2021 йил сентябрида бошланиши режалаштирилган эди. Аммо Афғонистонда ҳокимият алмашиши лойиҳани секинлаштирди. Бироқ декабрьойида Афғонистон муваққат ҳукумати лойиҳага қўшилди.

Июль ойида Афғонистон ҳудудида йўналиш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаш учун экспедиция ишлари бошланди.

Июль ойида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро анжуманда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси бўлажак магистрал лойиҳасининг тафсилотларини тақдим этди. Spot нашрининг хабар беришича, лойиҳа 2027 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган.

«Боштранслойиҳа» институти йўл қурилиши қийматини 4,6 млрд долларга баҳолаган. Унинг ишга туширилиши Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги юкларни етказиб беришни 3−5 кунгача тезлаштириши, шунингдек, уни уч баробар арзонлаштириши кутилмоқда.