2 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон ўртасидаги юқори даражадаги музокаралар натижалари бўйича «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси («Йўл харитаси») қабул қилинди, дея хабар берди «Газета.uz»га инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, тахминан 600 км узунликдаги ва кенглиги 1520 мм бўлган темир йўлнинг қурилиши 5 йил ичида амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, Афғонистон ва Покистонда электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қоплаш учун Марказий Осиё мамлакатларидан мавсумий ортиқча гидроелектр энергияси етказиб беришни кўзда тутувчи Сурхон — Пули-Хумри юқори волтли узатиш линияси ва CASA-1000 энергия лойиҳасининг қурилиши темир йўл участкаларини қуриш харажатларини камайтиради, дейилади хабарда.

ИТСВ маълумотларига кўра, келгусида йўлни электрлаштириш истиқболлари истисно этилмайди, «бу эса юк ташишнинг иқтисодий самарадорлигини сезиларли даражада оширади».

«Йўл харитаси» га мувофиқ, жорий йилнинг март — апрель ойларида темир йўл йўналишини ҳар томонлама ўрганиш ва лойиҳалаш учун материаллар тайёрлаш учун қўшма халқаро экспедиция ташкил этилади. Экспедиция Афғонистонда геодезик, геологик, гидрогеологик ва топографик тадқиқотлар комплексини ўтказади, бу эса салоҳиятли юк ҳосил қилувчи ва юкни сингдирувчи минтақалар, шунингдек, Афғонистондаги келажакдаги йўлнинг йўналишидан бир қадам масофасида жойлашган йирик фойдали қазилмалар конлари тўғрисида маълумот тўплаш ва таҳлил қилиш имконини беради. Дала экспедицияси материаллари асосида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишнинг асосий масалалари келишиб олинади.

ИТСВ маълумотларига кўра, халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда, «Жанубий Осиё — Афғонистон — Марказий Осиё — Россия Федерацияси — Шарқий Европа» йўналиши бўйича экспорт-импорт юкларини ташиш транспорти ҳаракати тадқиқотини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Вазирликнинг таъкидлашича, 2025 йилда Ҳиндистон ва Покистоннинг Афғонистон ва МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажми мос равишда 20 млрд ва 6 млрд долларни ташкил қилиши мумкин. Ҳозирги вақтда Жанубий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ва МДҲ мамлакатлари ўртасида юк ташиш асосан денгиз транспорти орқали амалга оширилади. Халқаро Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик Дастурининг (МОМИҲ) дастурини амалга ошираётган Осиё тараққиёт банки лойиҳаолди тадқиқотининг мувофиқлаштирувчиси сифатида иштирок этиши мумкин.

Уч томонлама музокаралар давомида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки, Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (АҚШ) раҳбарлари ушбу лойиҳани ўзаро ҳамкорликда амалга оширишга қизиқишларини тасдиқладилар.

Жаҳон банки жалб қилинган Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистоннинг вазирлик ва идоралари иштирокида молиявий маблағларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш механизмларини белгилаш, темир йўл қурилишини молиялаштириш моделини ишлаб чиқади. Форум иштирокчилари Жаҳон банкининг лойиҳани илгари суриш масалаларида мувофиқлаштирувчи ролини ўз зиммасига олиш таклифини мамнуният билан қабул қилдилар.

«Йўл харитаси» халқаро молия институтлари ва донор мамлакатлар ҳукуматлари билан темир йўл бошқариш моделини батафсил ўрганишгни назарда тутади. Бунга локомотивлар ва ҳаракатланувчи қисмларига эгалик қилиш, таъминот ва техник хизмат кўрсатиш, темир йўл транспорти ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, тариф ва транзит сиёсатини шакллантириш ҳамда инвестицияларни қайтариш механизми масалалари киради.

Ушбу ва бошқа чора-тадбирларни таъминлаш мақсадида лойиҳада иштирок этувчи мамлакатлари темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари бошчилигида қўшма Ишчи гуруҳи ташкил этилди. Амалий чора-тадбирлар кўрилишини мувофиқлаштириш уч мамлакатда ташкил этилган доимий фаолият юритувчи офислар ва ваколатли масъул мансабдор шахслар томонидан амалга оширилади.

Учрашувда Марказий Осиё ва Афғонистон давлатлари халқаро денгиз портларига бевосита чиқиш имкониятига эга эмаслиги қайд этилди. Шу муносабат билан улар салмоқли транспорт ва транзит харажатларни амалга оширадилар, бу эса денгиз коммуникацияларига чиқиш имкониятига эга бўлган мамлакатларнинг шу каби харажатларидан 2−3 баробар кўпдир. Бундай шароитларда «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темир йўлининг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида Марказий Осиё орқали юк ташишга сарфланадиган вақтни ва қийматини камайтиради.

Шундай қилиб, эксперт тахминларига кўра, Афғонистон транспорт ва инфратузилмавий салоҳиятини тўлиқ руёбга чиқариш натижасида, масалан, Ўзбекистондан Покистонга юкларни ташиш вақтини 30−35 кундан 10−15 кунгача қисқартиради. Янги темир йўл орқали юкларни ташиш Россия ва Покистон ўртасида транспорт харажатларини 15−20% га, Марказий Осиё ва Покистон давлатлари ўртасида эса 30−35% га камайтириши мумкин.

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўллари орқали Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари ўртасида юк транзитининг ўсиши ҳам башорат қилинмоқда. Шундай қилиб, йиғилиш иштирокчиларининг фикрича, сўнгги йилларда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Афғонистон темир йўлларида юк ташишнинг йиллик ўсиш суръати 25% ни ташкил этди. 2020 йилда бу йўлда 4 миллион тонна юк ташилди ва бу Афғонистондаги иқтисодий тикланишнинг юқори динамикасидан далолат беради. Дастлабки маълумотларга кўра, «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темир йўли ишга туширилганидан кейин дастлабки йилларда ушбу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 10 млн тоннага етиши мумкин.

«Яратилаётган янги йўналиш континентал миқёсда халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янги парадигмасини ташкил этадиган ва барқарор ривожланиш ва кўплаб мамлакатлар аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш учун мустаҳкам платформа бўладиган дунёдаги энг узун халқаро темир йўл линияларини боғлашга мўлжалланган», — дейилади хабарда.

Олдинроқ, ушбу темир йўл қурилишини молияштириш учун Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон раҳбарлари номидан қўшма мурожаат асосида АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг ва бошқа халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилиши ҳақида хабар берилган эди. Anadolu агентлигининг маълумотига кўра, жалб қилинадиган умумий кредитлар маблағи 4,8 млрд долларни ташкил қилади.