Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан илгари тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 3,0 фоиздан 5,5 фоизга ўзгартирилмоқда.

Шунингдек, юзага келган қўшимча харажатларни қоплаш мақсадида қонунда 2023 йил учун Ҳукумат номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллардан 5,5 млрд АҚШ долларга ўзгартирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси президенти ва Ҳукуматнинг устувор топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари қўшимча харажатлар ҳисобига оширилмоқда.

Хусусан, 2023 йил 1 январдан янги ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг йил бошида тасдиқланган харажатлари қўшимча маблағ ажратилиб, ушбу маблағлар болаларни озиқ-овқат билан таъминлашга, умумий ўрта таълим муассасаларини Финляндия тажрибаси асосидаги янги авлод дарсликлари билан таъминлашга, мактабгача таълим ташкилотлари сони ортиши ҳисобига Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия учун харажат қилиниши кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг йил бошида тасдиқланган харажатларига қўшимча равишда маблағлар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари томонидан етиштирилган ва аҳолига сотилаётган маҳсулотлар учун субсидиялар учун йўналтирилмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг йил бошида тасдиқланган харажатларига қўшимча равишда маблағ ажратилмоқда ва айрим харажатларни махаллий бюджетлар, вазирлик ва идораларга қайта йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Хусусан, нафақа олувчи оилалар сони 2,1 миллиондан ошганлиги (йил бошида 1,5 млн бўлган) ҳисобига ижтимоий нафақалар учун харажатларга қўшимча 1 трлн 808 млрд сўм ажратилмоқда.

Шу билан бирга давлат ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида кўмир ёқилғисига ўтказиш ва модернизация қилиш билан боғлиқ харажатларга 500 млрд сўм ажратилмоқда.

Сенаторлар қонунни маъқуллади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг дастлабки олти ойи якунларига кўра, Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллиги 5,7 фоизни ташкил этганди.

Ундан аввал президент қарори лойиҳаси билан 2023 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг максимал миқдорини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан 5 фоизга ёки 53,4 триллион сўмгача ошириш таклиф этилганди. Агар ҳукумат яна харажатлар чегарасига амал қилмаса, бу давлат харажатларининг 1,8 млрд долларга ошишига олиб келади. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов аввалроқ тақчилликнинг ошиши газ импорти юқорилаши билан боғлиқлигини таъкидлаганди.

2022 йилда ҳукумат давлат бюджети дефицити ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдоридан ошмаслиги кераклиги бўйича чегарани ушлаб туролмаган, шу сабабли парламент харажатларни 2 млрд долларга оширишни ва ЯИМнинг 4 фоизигача бўлган чегарани тасдиқлади. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов давлат харажатларининг ўсиши ҳисобига инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан юқори даражада шаклланаётганини, шу сабабли фискал консолидациянинг роли ошиб бораётганини (харажат ва даромадларни оптималлаштириш) таъкидлаганди.