Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистонда йилнинг биринчи ярмида бюджет харажатлари ортгани газ импорти ҳажми ошиши билан боғлиқ эканини таъкидлади, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири Марказий банк матбуот анжуманидан.

«Газета.uz» январнинг 8 кунида давлат бюджети харажатлари даромаддан 2,3 баравар ортиб, дефицит 5,5 трлн сўмга етгани, бу 2023 йил учун дефицит кутилмасининг бешдан бир қисмидан кўпроқ (25,1 трлн сўм) экани ҳақида ёзганди. Вазирлик ушбу санадан кейин даромад ва харажатлар бўйича маълумот беришни тўхтатиб қўйди.

Кейинчалик вазирлик дефицитнинг 5,5 трлн сўмга етишини совуқдан жабр кўрган 30 минг тадбиркорнинг солиқ қарздорлиги ўсиши ҳамда иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг молиялаштирилиши билан изоҳлаганди.

Марказий банк бошқарувининг 27 июлдаги йиғилиши баёнотида ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун пул-кредит ва фискал сиёсатларни ўзаро уйғун ҳолда олиб бориш мақсадларидан келиб чиқиб, бюджет дефицитини белгиланган параметрлар даражасидан ошмаслигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Матбуот анжуманида регулятор раҳбарига Spot.uz мухбири бюджет дефицити нархлар барқарорлигига таъсир қилишидан келиб чиқиб, Марказий банк Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан қанчалик яқин алоқада бўлиб тургани ҳақида савол берди.

Регулятор рахбари бу саволга қуйидагича жавоб берди: «Биз Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан яқин алоқадамиз. Бюджет бўйича маълумотларни эса доим кўриб турамиз. Яъни ягона ғазна рақамига биз орқали хизмат кўрсатилади ва биз бу жараённи кузата оламиз. Таъкидлаб ўтишим керакки, ҳаражатларнинг биринчи ярим йилликда бошқа йиллардаги билан солиштирганда ортгани биринчи навбатда газ импорти ҳажми ошиши билан боғлиқ», — деди Мамаризо Нурмуратов.

Марказий банк раиси газнинг жаҳон бозоридаги, яъни шартномларда кўрсатилганидаги нархи билан ички нарх ўртасидаги тафовут бюджет ҳисобидан қопланишини қўшимча қилди. «Шундай объектив шартлар сабаб биринчи ярим йилликдаги харажатлар аввалги йиллар билан солиштирганда бироз кўпроқ бўлди».

У регулятор ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳаракатлари координацияси ҳақида гапириб, ташкилот ҳар ой ўзининг бюджет бўйича ҳам, инфляция бўйича ҳам қарашлари юзасидан вазирликка маълумот жўнатишини таъкидлаб ўтди.

«Яъни координация мавжуд. Ва умид қиламанки, келажакда ҳам бизнинг ўртамиздаги алоқа бундан ҳам кенгайиб боради», — деди регулятор раҳбари.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон йилнинг дастлабки уч ойида 152,9 млн долларлик газ импорт қилган, бироқ етказиб бериш ҳажмининг деярли ҳаммаси март ойига тўғри келган — 151,2 млн доллар.