2023 йилнинг дастлабки олти ойи якунларига кўра, Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллиги 5,7 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботида айтилади.

Консолидациялашган бюджетга давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (суверен фонд) маблағлари киради. Аввалроқ давлат бюджети тақчиллиги 6,1 фоиздан ошгани ҳақида хабар бергандик.

Биринчи яримйилликда консолидациялашган бюджет даромадлари 153,8 трлн сўмни, харажатлари 180,8 трлн сўмни ташкил этди. Дефицит 26,9 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 5,7 фоиз бўлди. Бу аввалги йилларга нисбатан анча юқори:

  • 2020 йил (коронавирус пандемияси): биринчи яримйилликда — 8,9 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 3,4 фоиз), йил якунида — 26,09 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 4,5 фоиз);
  • 2021 йил (пандемия таъсирининг давом этиши): йил якунига кўра — 40,8 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 5,6 фоиз);
  • 2022 йил (Россиянинг Украинага бостириб кириши, логистика муаммолари, Россияга қарши санкциялар): биринчи яримйилликда — 14,4 трлн сўм (ЯИМнинг 3,7 фоизи), йил якунида — 35,22 трлн сўм (4 фоиз).

Шундай қилиб, ҳукумат 3 фоизлик тақчиллик чегарасини бу қоида қонунда ўз аксини топганидан кейин ҳам бирор марта ушлаб туролмади.

Биринчи яримйилликда бюджет тақчиллигининг ярмидан кўпи йил бошидаги давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари қолдиғи ҳисобидан қопланди — 14,5 трлн сўм.

Дефицитнинг қолган қисми қопланиши учун 6,7 трлн сўм давлат қарзи, жумладан, 1,7 трлн сўм ташқи кредитлар жалб этилган, 5 трлн сўм давлат облигациялари ички бозорга чиқарилган.

Шунингдек, давлат дастурларини амалга ошириш учун халқаро молия институтларидан 4,2 трлн сўм миқдорида имтиёзли кредитлар жалб қилинди, тақчилликнинг яна 1,5 трлн сўми давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган тушумлар ҳисобидан молиялаштирилди.

бюджет дефицити, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, консолидациялашган бюджет

Аввал хабар берганимиздек, президент қарори лойиҳаси билан 2023 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг максимал миқдорини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан 5 фоизга ёки 53,4 триллион сўмгача ошириш таклиф этилган. Агар ҳукумат яна харажатлар чегарасига амал қилмаса, бу давлат харажатларининг 1,8 млрд долларга ошишига олиб келади. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов аввалроқ тақчилликнинг ошиши газ импорти юқорилаши билан боғлиқлигини таъкидлаганди.

2022 йилда ҳукумат давлат бюджети дефицити ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдоридан ошмаслиги кераклиги бўйича чегарани ушлаб туролмаган, шу сабабли парламент харажатларни 2 млрд долларга оширишни ва ЯИМнинг 4 фоизигача бўлган чегарани тасдиқлади. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов давлат харажатларининг ўсиши ҳисобига инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан юқори даражада шаклланаётганини, шу сабабли фискал консолидациянинг роли ошиб бораётганини (харажат ва даромадларни оптималлаштириш) таъкидлаганди.