Тошкент шаҳрида ўтган 11 ой давомида автобуслар иштироки билан боғлиқ 94 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Анвар Жўраев иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқарма бошлиғи Рафиқжон Жалилиов, автобус саройи филиаллари раҳбарлари ва ҳайдовчилар иштирок этган.

Унда автобуслар билан содир бўлган ЙТҲларнинг келиб чиқиш сабаблари, хусусан, автобус ҳайдовчиларининг айби билан содир этилган 34 та йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлили кўриб чиқилган.

Шунингдек, йўл ҳаракати қоидалари бузилиши оқибатида ҳайдовчиларга келган жарима қарорлари (видеолари) акс этган лавҳалар намойиш этилган. Фуқаролар ва йўловчилардан келиб тушаётган танқидий мурожаатлар (ижтимоий тармоқлар ва ишонч рақами орқали) ҳам ўрганилган.

«Ҳайдовчи ва чиптачиларнинг йўналишда йўловчилар билан хушмуомалада бўлишлари, йўловчи ташиш қоидаларига қатъий амал қилишлари, ҳаракат давомида уяли алоқа телефонидан фойдаланмасликлари юзасидан алоҳида кўрсатмалар бериб ўтилди», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, биргина ноябрь ойида автобуслар иштирокида 5 та баҳтсиз ҳодиса юз берган. Хусусан, 10 ноябрь кунида йўловчи автобуслари иштирокида иккита ЙТҲ содир бўлган. Яшнобод туманида 21-сонли автобус йўл ўртасида турган енгил автомобиль билан тўқнашган, Мирзо Улуғбек туманида эса қайрилиб олмоқчи бўлган 151-сонли автобуснинг олд қисмига автомобиль урилган.

21 ноябрь куни Тошкент шаҳрида 82-сонли автобус йўлнинг белгиланмаган қисмидан югуриб келган маст фуқарони уриб юборган. 47 ёшли йўловчига тан жароҳати олгани сабабли воқеа жойида тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

26 ноябь куни Юнусобод туманидаги бекатларнинг бирида 51-сонли электробус ва 2М-сонли King Long автобуси тўқнашган. Йўловчилар орасида жароҳат олганлар йўқлиги ва ҳодиса юзасидан хизмат текшируви тайинлангани хабар қилинган.

29 ноябрь тонгида Янгиҳаёт туманида 132-сонли автобус юк машинаси билан тўқнашган. Дастабки маълумотга кўра, ЙТҲ оқибатида 3 нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган. Автобус ва юк автомобили техник шикастланган.

Эслатиб ўтамиз, «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари иштирокидаги автобус ҳайдовчиларининг бошқарув вақтида мобил телефондан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида ўтказилган рейдда етти нафар ҳайдовчи ишдан бўшатилганди.