29 ноябрь куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида йўловчи автобус ва юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда «Тошшахартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.

Соат 06:50 атрофида «4-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 132-сонли Mercedes-Benz автобуси Бинокор кўчаси бўйлаб «Тошкент» маҳалласи томонга ҳаракатланиш учун орқага қайрилган. Шу пайтда қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келаётган MAN юк машинасига келиб урилган.

Дастабки маълумотга кўра, ушбу ЙТҲ оқибатида 3 нафар автобус йўловчиси енгил тан жароҳати олган. Автобус ва юк автомобили техник шикастланган.

Йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.