25 ноябрь куни соат 13:10 атрофида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Yutong электробуси ва King Long автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.

Туманнинг Амир Темур кўчаси «Шаҳристон» бекатида «8-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 51-сонли йўналишда ҳаракатланаётган электробус «4-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 2М-сонли King Long автобуси билан тўқнашган. Дастлабки маълумотга кўра, автобус йўловчилари орасида тан жароҳати олганлар бўлмаган.

Иккала автобус ҳам техник шикастланган.️ Компания раҳбарияти ҳамда идоралараро тезкор штаб ишчи гуруҳи масъул ходимлари йўл-транспорт ҳодисасининг келиб чиқиш сабабларини ўрганган ҳамда ЙТҲ бўйича бошқарув раиси ўринбосари бошчилигида ҳодиса юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Ушбу ҳодиса расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.