Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ноқонуний равишда электр тармоғига уланиб, майнинг ускунасини ўрнатиб олган шахс аниқланди, дея хабар бермоқда вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

12 декабрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида 1990 йилда туғилган Х.А. туманнинг «Камолот» маҳалласидаги нотурар бино ертўласида электр тармоғига яширин равишда уланган ҳолда 25 дона майнинг ускунасини ўрнатиб олгани аниқланган.

У ноқонуний равишда давлат ва жамият манфаатига 2 млрд 237 млн сўм зарар етказган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ўтган даврида 58,2 млрд сўмлик электрни ўғирлаш орқали майнинг фаолияти билан шуғулланиш бўйича 26 та ҳолат аниқлангани хабар қилинганди. Бунинг учун 29 киши ўғриликда айбланиб, процессуал тартибда ушланган.