Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиёда ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш бўйича етти йиллик дастурни ишга туширди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Дастур доирасида ЕТТБ минтақадаги ёш тадбиркорларни таълим олиш ва молиялаштириш имкониятини таъминлаш учун 200 миллион евро (218 миллион доллар) ажратади. Дастур 35 ёшгача бўлган ёшлар раҳбарлик қиладиган ёки эгалик қиладиган микро, кичик ва ўрта корхоналарга қаратилган.

Корхоналар Марказий Осиё ва Мўғулистондаги 20 та ҳамкор молия институтлари орқали кредит олишлари мумкин бўлади. Хусусан, ЕТТБ «Ҳамкорбанк»га 10 миллион долларгача кредит ажратиши кутилмоқда.

ЕТТБ сармояси 30 миллион еврогача бўлган грантлар ва имтиёзли қўшма молиялаштириш билан тўлдирилади.

«ЕТТБ томонидан минтақада ўтказилган бозорни баҳолаш шуни кўрсатдики, Марказий Осиёдаги кўплаб ёшлар тадбиркорлик бўйича фикрлаш қобилиятига эга бўлсада, жуда кам қисми иқтисодий имкониятлардан фойдалана олади. Уларнинг атиги 10 фоизга яқини зарур тайёргарлик ва касбий тажрибага эга», — дейилади банк матбуот хизмати хабарида.

Бу Марказий Осиё учун жуда муҳим, бу ерда кичик ва ўрта корхоналар умумий бандликнинг деярли ярмини ташкил қилади ва минтақавий ЯИМнинг деярли 40 фоизини ташкил қилади, дея қайд этди банк.