4 декабрдан Андижон вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)да чекловлар жорий этилди, деб хабар қилди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Газ жадвалга мувофиқ — соат 06:00 дан 15:00 гача берилади. Қарор ҳавонинг кескин совиб кетиши туфайли табиий газни биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа объектлари (мактаб, боғча, шифохона ва бошқалар)га етказиб беришни таъминлаш билан изоҳланади.

«Вилоятимиздаги ҳайдовчилардан автоуловларига газ тўлдириш заруриятини шу вақт оралиғида техника хавфсизлиги қоидалари асосида амалга оширишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ депутатларга жорий қишда энергетика инқирозининг олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилгани, юзага келиши мумкин бўлган газ ва электр қуввати тақчиллиги қайси манбалардан қопланиши ҳақида маълумот берганди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган қиш мавсумида газ танқислигининг энг юқори даражаси кунига 21,6 миллион куб метрга етган. 2023 йилда газ танқислигини ўтказиш қуввати 18−20 миллион куб метрдан 35−40 миллион куб метргача кўтарилган газ омборларидан тўлдириш, шунингдек, Uzbekistan GTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуасига газ етказиб беришни кунига 5 миллион куб метрга қисқартириш режалаштирилган. Зарур бўлганда, айрим газ қуйиш шохобчаларига (АГТКШ) газ таъминоти 30 фоизга қисқартирилади: ҳозирда улар кунига 15 миллион куб метр газ олади, 5 миллион куб метрга чекловлар жорий этилиши мумкин.

Аввалроқ «Ўзтрансгаз», «Худудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарлари президентга қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисобот берганди. Улар энергия тизими «ҳар қандай об-ҳаво инжиқлиги ва аномал совуққа тайёр»лигини маълум қилган.