Сурхондарёда вилоятида метан газ қуйиш шохобчалари иш вақтига чеклов киритилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Вилоятда жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) 2023 йил 7 декабрдан бошлаб соат 8:00 дан 17:00 гача фаолият юритади.

Бундан мақсад биринчи навбатда табиий газ етказиб берилиши муҳим ҳисобланган аҳоли, шифохона, мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилоти каби аҳамиятга эга муассасаларнинг табиий газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш экани айтилган.

Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот»нинг Сурхондарёдаги филиали табиий газдан дебитор қарздорлиги сабаб вилоятдаги 28 та метан газ қуйиш шохобчалари тармоқдан вақтинча узилганини маълум қилди.

Аввалроқ Андижон вилоятида (соат 06:00 дан 15:00 гача) ва Қорақалпоғистон Республикасида (соат 06:00 дан 15:00 гача) худди шундай чекловлар жорий этилганди.