Якка тартибдаги тадбиркорлардан нотўғри йиғиб олинган ижтимоий солиқ суммалари уларнинг ҳисобварақларига қайтарилмоқда. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси ортиқча ечиб олинган солиқ суммаси билан боғлиқ вазиятни изоҳлар экан, шундай дея маълум қилди.

1 декабрь куни Солиқ қўмитаси маълумотлар базасида якка тартибдаги тадбиркорлар фойдаланадиган солиқ имтиёзлари ташқи манба маълумотлари асосида янгиланган.

Автоматлаштириш жараёнида техник хатолик юзага келиб, оилавий хусусий боғча фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларга берилган ижтимоий солиқ бўйича имтиёз (ойига 330 минг сўм) қўлланмасдан қолган.

Айни пайтда мазкур техник хатолик бартараф этилган, дея таъкидлади Солиқ қўмитаси.

Ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланиб, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади, дея ишонтирмоқда қўмита.

Жорий йилнинг март ойида тадбиркорларнинг солиқ идоралари ўз ҳисобварақларидан фойда солиғини ноқонуниний равишда ушлаб қолаётгани ҳақидаги шикоятларидан сўнг Солиқ қўмитаси бу учун масъул раҳбарларни ишдан бўшатиб, корхонага ортиқча ундирилган аванс тўловларини тадбиркорлик субъектларига қайтариш бўйича кўрсатма берганди. Ўшанда 367 та корхонага 27,1 млрд сўм қайтарилган.

Май ойида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексига қўшимча киритилган. Унда тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан розиликсиз пул ўтказган ёки олиб қўйган ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаган шахслар 13,2 млн сўмгача жаримага тортилиши қайд этилган.