Тадбиркорларнинг банкдаги пул маблағларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик белгиланди. 10 май куни президент қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича [ЎРҚ-841-сон] қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Хусусан, эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик, оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда жавобгарлик белгилаш бўйича қўшимча киритилди. Агар фуқароларнинг ҳаракатида юқоридаги ҳолат аниқланса, БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача (6 млн 600 минг сўмдан 13 млн 200 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам яна содир этилса, жиноий жавобгарликка тортилади. Бу бўйича Жиноят кодексига ҳам қўшимча киритилди. Унга кўра, бу қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:

  • БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима;
  • 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
  • 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Ўша ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Агар бунинг ортидан жуда кўп миқдорда зарар етказиладиган бўлса ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда ҳам озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди. Қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.