18 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «ТошкентбошпланЛИТИ»га бориб, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси билан танишди. Бу хақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Ташриф чоғида Президентга мазкур стратегия ҳақида ахборот берилди. Жумладан:

  • Тошкент шаҳри кадастри рақамлаштирилиб, ҳудудларнинг тоифаси очиқ-ошкора қайд этиб қўйилади. Аҳоли ўз маҳалласи ёки тадбиркорлар бизнес очмоқчи бўлган ерининг қандай ҳудудда жойлашганини интернет орқали бемалол кўриши мумкин бўлади;
  • тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун жамоат транспорти қулайлаштирилади. Бунинг учун аҳоли уйидан 15 дақиқа пиёда юрадиган масофада бекат бўлиши талаб этилади. Шунингдек, Park and ride тамойили асосида, шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, жамоат транспорти бекатлари билан боғланади;
  • биноларга ижтимоий талаблар белгиланади. Масалан, шаҳар ичида кўп қаватли иншоот қурилгудек бўлса, унинг турига қараб, мактаб, боғча, маиший хизмат, автотураргоҳ ўрни, кўкаламзорлаштириш майдони каби меъёрлар қўйилади.

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси «Янги Тошкент» концепцияси билан мутаносиб тайёрланган. Бу янги шаҳар пойтахтнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлади.

Манба: Президент матбуот хизмати.

Шундан келиб чиқиб, истиқболли ривожланиш ва қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган. Биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасидан келиб чиқиб, Бош режа лойиҳасида катта ҳалқа йўли атрофида «яшил камар» яратиш, шаҳардан ўтган каналлар бўйида тематик боғлар ташкил этиш кўзда тутилган. Умуман олганда, пойтахтда яшил ҳудудларни 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган.

«Шаҳарни ривожлантириш бўйича бу стратагеямизни дунёдаги етук мутахассислар ҳам маъқуллади. Энди ҳар бир жой бўйича халқ фикрини олиб, ақл билан, сифатли қуриш керак. Бу янги шаҳар халқимизга муносиб, иқлимимизга мос, замонавий бўлиши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу улкан лойиҳага ёш мутахассисларни жалб этиб, тажрибасини шакллантириш, туман ва шаҳарлар архитектурасини мутаносиб ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Шу боис Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Наманган каби бошқа шаҳарларда ҳам лойиҳалаштириш марказлари очиш бўйича кўрсатма берилди.