Президентнинг 20 июлдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида Янги Тошкент шаҳрини қуриш дирекцияси ташкил этилди.

Дирекциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • ривожланган мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган тажрибалар асосида, етакчи хорижий ва маҳаллий лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда Янги Тошкент ҳудудини ривожлантириш режалари (мастер режалари), тармоқ режалари ва мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • Янги Тошкент шаҳридаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан инвесторлар билан музокаралар олиб бориш, потенциал инвесторларни сармоявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда танлаш ва шартномалар тузиш, шунингдек, уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
  • дирекция томонидан тасдиқланган ҳудудда лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг муайян техник шартларига риоя этилиши юзасидан шартномалар тузиш, шунингдек, уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
  • ижтимоий объектлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва йўл-транспорт инфратузилмасини қуриш бўйича буюртмачи вазифасини бажариш;
  • замонавий уй-жойлар қуришда катта тажрибага эга маҳаллий ва хорижий компанияларни жалб этиш, уларга замонавий усуллар, энергия тежовчи технологиялар ва қурилиш материалларини қўллаш бўйича мажбурий кўрсатмалар бериш;
  • қурилаётган муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва йўл-транспорт инфратузилмасининг ягона оператори сифатида фаолият юритиш ва истеъмолчилар билан хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар тузиш;
  • қурилишга потенциал инвесторларни, жумладан, хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет тармоғида тақдимот ва кенг кўламли реклама кампаниясини ўтказиш.

Дирекцияга ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш ҳужжатларига қўйиладиган талабларни, бу участкаларни сотишда ер участкаларида қурилаётган объектларга қўйиладиган талабларни, коммунал хўжалик юритиш, инвестиция фаолияти, маркетинг хизматларини кўрсатиш, баҳолаш, геологик қидирув, топографик суратга олиш, бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини ўрганиш бўйича талабларни мустақил белгилаш ва тасдиқлаш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, орган давлат ҳамкори сифатида давлат-хусусий шериклик шартномалари талабларини белгилаши ва ҳукумат билан келишилган ҳолда Янги Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларга кўрсатилаётган коммунал хизматлар тарифларини белгилаши мумкин бўлади.

Дирекция, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олиш, импорт қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқини олди.

Дирекция директори қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари (янги лавозим) бўлади. У президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Бундан ташқари, бош вазир Абдулла Арипов (Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов — раис ўринбосари) бошчилигидаги 24 нафар мансабдор шахсдан иборат Янги Тошкент қурилиши бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилмоқда.

Кенгаш вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, хўжалик бирлашмалари, банклар ва дирекцияларнинг ишини мувофиқлаштиради ва вазифаларини белгилайди, инвесторларнинг лойиҳа таклифларини кўриб чиқади ва Янги Тошкент бош режасини тасдиқлайди ҳамда унга ўзгартиришлар киритади, шунингдек ер участкаларини босқичма-босқич ўзлаштириш масалаларини кўриб чиқади ва ким ошди савдосига қўйиладиган ер участкаларининг дастлабки қийматини белгилайди.

Шунингдек, орган тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали лойиҳа-пудрат ташкилотлари ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Президент «Маҳалла» хайрия жамоат фондига 1 сентябрга қадар 50 миллион доллар эквивалентидаги беғараз маблағни Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда «Маҳалла» жамғармаси ҳисобида тўпланган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан дирекция фаолиятини йўлга қўйиш учун ажратишга топшириқ берган. Жамғарма нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг асосий мақсади фуқаролар йиғинлари ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат.

Шунингдек, дирекция ҳисобига ер участкаларини ким ошди савдоси орқали сотиш ёки ижарага беришдан тушган маблағлар, объектлар қийматидан ажратмалар, шу жумладан, қурилиш ишлари учун инвесторлардан ажратмалар, ДХШ лойиҳаларини амалга оширишдан олинган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан норезидентларнинг хайриялари, грантлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар келиб тушади.

Ҳисобдаги маблағлар ижтимоий аҳамиятга эга объектларни лойиҳалаш ва қуриш, инфратузилма объектлари, Янги Тошкент қурилиши ишлари, ходимларнинг иш ҳақи, дирекция биноларини таъмирлаш билан боғлиқ ишларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига 2024 йил 1 апрелга қадар йўллар, ичимлик суви тармоқлари, канализация, электр энергияси, табиий газ ва коммуникацияларни қуриш учун ДХШ асосида халқаро кредитлар ва инвесторлар маблағларини жалб қилиш топширилди.

Янги Тошкент массивидаги ижтимоий объектлар қурилиши учун республика бюджетидан маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.

Қарорга кўра, дирекция, инвесторлар, бош лойиҳа ва бош пудратчи ташкилотлар Янги Тошкент қурилиши доирасида 2027 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилмайдиган машиналар, ускуналар, бутловчи қисмлар ва эҳтиёт қисмларни олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан озод этилди.

«Газета.uz» аввалроқ пойтахтдан шарқда, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент ақлли шаҳри қурилишини ўз ичига олган Тошкент бош режаси лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берганди. У 20 минг гектар майдонни эгаллайди ва 500 минг кишига мўлжалланган. Лекин 2045 йилга келиб бор-йўғи 6 минг гектар майдонни ўзлаштириш режалаштирилган. Бу ҳисоб-китоблар асосида қурилиш ва ривожлантиришнинг истиқболли ҳудудлари, шунингдек, пойтахтни янги шаҳар билан боғловчи асосий йўлларнинг схемалари ишлаб чиқилди. Президент 18 март куни Янги Тошкент қурилишини бошлаб берганди.