Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан 29−30 ноябрь кунлари Тошкентга ташриф буюради, деб хабар қилди иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати.

Ташрифдан кўзланган мақсад «Ўзбекистон ҳукумати билан Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузига жавобан Европа Иттифоқи санкциялари бўйича конструктив мулоқотни давом эттириш», дейилади баёнотда.

О’Салливан 28 ноябрь куни Қозоғистонга ташриф буюради ва у ерда мамлакат расмийлари билан бир қатор учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

О’Салливаннинг Ўзбекистонга аввалги ташрифи шу йилнинг апрель ойида бўлиб ўтганди. Ўшанда дипломат Ўзбекистон ва Евроиттифоқ мамлакат ҳудудидан Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш, хусусан, икки мақсадли товарларни қайта экспорт қилиш учун фойдаланилмаслигини таъминлаш борасида қандай ишлар олиб бораётгани ҳақида гапириб берган.