Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. У давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг матбуот анжумани ўтказиб, ўз миссияси вазифалари тўғрисида сўзлаб берди.

Тадбир аввалида махсус вакил «Катта еттилик» давлатлари ва АҚШ томонидан Россияга қарши ишлаб чиқилган санкциялар фақат битта мақсад — унинг Украинага қарши тажовузкор уруш олиб бориш қобилиятига путур етказишдан иборат эканини эслатди.

«Таъкидламоқчиман: биз учинчи давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўллаш ниятида эмасмиз, шунингдек, Ўзбекистоннинг ривожланишига, унинг бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан савдо алоқаларига халақит бериш истаги ҳам йўқ», — деди Дэвид О’Салливан.

Европа Иттифоқи Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни учинчи давлатлар орқали четлаб ўтиш имкониятидан хавотирда. «Сўнгги пайтларда биз ноодатий савдо операцияларини ҳамда ЕИ мамлакатларида ишлаб чиқарилган ва санкциялар тоифасига мансуб маҳсулотлар учинчи давлатлар ҳудуди орқали Россия ҳудудига қандайдир тарзда кириб боришини кузатдик», — деди махсус вакил.

Унинг таъкидлашича, бир қатор мамлакатларда ЕИ давлатларида санкция остига киритилган товарлар импорти кўпайиши кузатилмоқда. «Шу боис Ўзбекистонга келишимдан олдин БАА, Туркия, Қозоғистонда бўлдим. Грузия, Арманистон ва Сербияга бориш ниятим ҳам бор. Яна бир бор таъкидлайманки, Ўзбекистон биз ўз миссиямиз билан борадиган давлатлардан бири, холос», — деди ЕИ махсус вакили.

Дэвид О’Салливаннинг сўзларига кўра, сўнгги ойларда Евроиттифоқ, хусусан, молиявий масалалар бўйича Божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Марказий банклари билан самарали ахборот алмашди. «Биз ушбу мулоқотда баъзи муаммоларни иш тартибида ҳал қила олдик», — деди у.

«Биз Ўзбекистоннинг [Россиянинг Украинага қарши уруши масаласида] бетараф қолиш истагини ҳурмат қиламиз ва шунга қарамай, катта иштиёқ ва миннатдорчилик билан Ўзбекистон ўз ҳудудидан жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга қарши эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Бу давлатнинг сиёсий танлови эканини тушунамиз», — деди Дэвид О’Салливан.

Унинг таъкидлашича, амалий алоқалар чоғида ЕИ Ўзбекистон томонига Евроиттифоққа аъзо давлатда ишлаб чиқарилган икки томонлама ёки ҳарбий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган ҳамда «Россия ҳарбий машинасининг Украина халқига қарши қотиллик урушини олиб бориш қобилиятига ҳисса қўшадиган маҳсулотлар рўйхатини топширган».

Унинг сўзларига кўра, гап юқори технологияли блок-схемалар, микрочиплар, қурол-яроғлар, бошқарув тизимлари, артиллерия ва қанотли ракеталар учун ишлатилиши мумкин бўлган оптик жиҳозлар ҳақида кетмоқда. «Бу маҳсулотларни биз Россия ҳарбийларидан тортиб олинган, қўлга киритилган ҳарбий техникаларда топмоқдамиз. Биламизки, улар украиналикларни ўлдириш учун бир қатор маҳсулотлар ва қурол қисмларидан фойдаланадилар. Ва шунинг учун биз ушбу маҳсулотларни чегаралар орқали олиб ўтишга алоҳида эътибор беришни сўрадик», дея тушунтирди ЕИ махсус вакили. Унинг қўшимча қилишича, гап Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ўхшаш маҳсулотлар ҳақида кетаётгани йўқ.

«Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан [ЕИда ишлаб чиқарилган] маҳсулотлар рўйхатини Ўзбекистон орқали олиб ўтиш имкониятига алоҳида эътибор қаратишларини сўрадик, боиси яқинда ушбу рўйхатдаги товарларни Ўзбекистон ҳудуди орқали экспорт қилиш ҳажми сезиларли даражада катта — 126 фоизга ошганини кузатдик», деди Дэвид О’Салливан.

Унинг қўшимча қилишича, ЕИ санкциялар бизнес учун сиёсий омиллар туфайли хавотирларни келтириб чиқариши мумкинлигини тушуниб, ҳукумат ташкилотлари ва хусусий сектор учун ушбу санкцияларнинг моҳиятини етказиб бериш мақсадида «одамлар нима ҳақида қайғуриш ва нимадан хавотирланиш кераклигини билишлари учун» икки кунлик семинар ўтказмоқда.

«Биз бу мулоқотни келажакда давом эттиришга умид қиламиз, чунки, афсуски, бу санкциялар узоқ вақт, кўп йиллар давом этади, деб ўйлаймиз. Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар кейинги ойда тугайди, деб ҳисобласак ҳам (бу ҳақда бизда ҳеч қандай далил йўқ), ҳал қилиниши лозим бўлган қатор масалалар пайдо бўлади. Хусусан, бу уруш жиноятларини текшириш, товон тўлаш масалалари, Украинанинг вайрон қилинган инфратузилмасини тиклаш масалалари. Бошқача қилиб айтганда, ушбу санкциялар остида яшашни ўрганишимиз керак. Шунинг учун бу масала Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама муносабатлар йўлида тўсиқ бўлишини истамаймиз, биз бунга катта илҳом ва умид билан қараймиз», — дея таъкидлади Дэвид О’Салливан.

Ўзбек бизнесининг Россияга қарши жорий этилган санкциялар доирасига тушиб қолиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, махсус вакил бу ҳолат фақатгина юқорида қайд этилган Европа маҳсулотлари Россияга ноқонуний равишда қайта экспорт қилинган тақдирда рўй бериши мумкинлигини таъкидлади.

«Агар қонунга хилоф битимлар бўлса, айтайлик, бунда Ўзбекистоннинг айрим хўжалик субъектлари иштирок этганини кўрсак, албатта, улар санкциялар доирасига тушади. Лекин, такрор айтаман, бизнинг мақсадимиз Ўзбекистон иқтисодиётига нисбатан санкциялар қўллаш эмас. Биз фақат жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган ноқонуний операциялар ҳақида гапирамиз. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар эса бу икки давлатнинг ички иши», — деди ЕИ махсус вакили.

У яна бир бор Евроиттифоқ эътирозини келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларга тўхталиб ўтди: «Агар санкциялар рўйхатидаги маҳсулотлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилса ва Россияга етказилса, бу борада муаммо бўлмайди. Агар улар учинчи давлатлардан (Европа Иттифоқидан ташқари — таҳр.) экспорт қилинса ва яна Россияга реэкспорт қилинса, бу борада ҳам муаммо йўқ. Европа Иттифоқи томонидан ишлаб чиқарилган ушбу рўйхатдаги санкцияланган маҳсулотлар ЕИ ҳудудидан олиб кирилиб, Ўзбекистон ҳудуди орқали Россияга кирганда муаммо юзага келади. Бу жорий қилинган санкцияларни ноқонуний айланиб ўтишдир».

Дэвид О’Салливан «Ўзбекистонда молиявий оқимларни ва савдони назорат қилиш соҳасида мавжуд бўлган мониторинг тизимидан катта таассурот қолдирганини» айтди. «Ишончим комилки, Ўзбекистон ҳукумати санкциялар рўйхатидаги ушбу маҳсулотларнинг эҳтимолий қайта экспортини самарали назорат қилиш йўлини топади», — дея қўшимча қилди у.

Махсус вакил Европа Иттифоқи инсонлар ҳаётига зомин бўлаётган ҳарбий амалиётлар ҳақида гап кетаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматидан фақат бундай маҳсулотлар устидан назоратни кучайтиришни сўрагани, шунингдек, бу чоралар мамлакат томонидан қандай йўллар билан амалга оширилаётгани унинг ички иши экани, ЕИ эса назорат чораларини имкон қадар тезроқ жорий қилиш кераклигини тушунтиришини таъкидлади.

«Биз тушунтиришларни эшитамиз ва буни амалга ошириш йўлларини муҳокама қиламиз. Умид қиламизки, ўз миссиямиз натижасида тез орада бу кўрсаткичлар, юқоридаги рўйхатдаги товарларнинг реэкспорти бўйича статистик маълумотларнинг камайишига гувоҳ бўламиз», — дея хулоса қилди Европа Иттифоқи махсус вакили.

Мавзуга қайтиб

Аввалроқ Ғарб нашрлари Россия ўтган йили бир қатор давлатлар, жумладан, Марказий Осиё билан савдо айланмасини кескин оширганини тез-тез ёзаётгани ҳақида хабар берган эди.

Хусусан, март ойида Bloomberg агентлиги Европа Иттифоқи илғор Европа технологиялари ва Россия Украинада ҳарбий мақсадларда фойдаланиши мумкин бўлган бошқа товарлар импортини кескин оширган давлатларга мурожаат қилишни режалаштираётганини маълум қилди. Гап Туркия, БАА ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.

Бир ҳафта ўтиб, Reuters агентлиги, Россия компаниялари санкцияларни четлаб ўтиш учун Қозоғистондаги ҳамкорларини зарур товарларни импорт қилишда ёрдам сўровлари билан кўмиб ташлаётганини ёзди. Гап турли маҳсулотлар — телефонлар, электроника, нодир металлар, банк карталари учун материалларни етказиб бериш ҳақида бормоқда.
Financial Times нашри эса Қозоғистон апрелдан Россияга реэкспорт қилиш учун мамлакат орқали ўтадиган товарларни кузатишни бошлайди, дея хабар қилди. Бу чора-тадбирлар Ғарбнинг хорижий компания ва шахсларнинг Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беришига йўл қўймаслик истаги фонида кўрилаётгани таъкидланди.

The Telegraph таҳририят ихтиёрига келиб тушган махфий ҳужжатга таяниб Европа Иттифоқи Россияга санкциялардан қочишга ёрдам берадиган давлатларга нисбатан чекловчи чораларни жорий этиш режаларини муҳокама қилаётганини ҳақида хабар берди. Гап, хусусан, Европа Иттифоқи давлатларидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга экспорт қилинадиган кир ювиш машиналари, эски автомобиллар ва камералар ҳақида бормоқда.