ЮНEСКО Бош конференциясининг 2025 йилда бўлиб ўтадиган 43-сессияси ўтказиладиган жой сифатида Самарқанд танланди. Бу ҳақда 22 ноябрь куни Парижда конференциянинг 42-сессияси раиси Симона-Мирела Микулеску маълум қилди.

Тадбир 1985 йилдан бери биринчи марта ташкилот бош қароргоҳи жойлашган Париждан ташқарида ўтказилади. Конференция 1985 йилда Болгария пойтахти Софияда ўтказилганди.

Сентябрь ойи бошида президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Ўзбекистон ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини Самарқандда ўтказишга тайёрлигини маълум қилган эди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бўлажак сессияни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этишини билдирди.

«Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман», — деди у.

«Минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади, деб ишонаман», — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда ЮНEСКОга аъзо давлатлардан ҳеч бири Бош конференцияни ўзининг 42-сессиясини ўтказишга таклиф қилмагани боис Париждаги штаб-квартираси ўтказиладиган жой сифатида танланган. Бундан олдинги конференциялар ҳам таклифлар йўқлиги сабабли Франция пойтахтида ўтказилган эди. (41-сессия, 39, 38, 37, 36, 35, 34).