17 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент халқаро аэропортида автобус Airbus 320 самолёти билан тўқнашгани ва ҳаво кемасининг тумшуқ қисмига шикаст етгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Uzbekistan Airways авиакомпанияси матбуот хизматининг маълум қилишича, ўша куни самолёт HY054 Урганч — Тошкент рейсини бажаргандан сўнг уни навбатдаги рейс учун тайёрлашаётган бўлган. Шу пайтда Тошкент халқаро аэропорти автобусининг ҳайдовчиси аэродром ҳудудида ҳаракатланиш қоидаларини бузган ҳолда ҳаво кемаси билан тўқнашган.

Оқибатда самолётнинг агрегатлари ҳаракатланаётганда ҳаво қаршилигини камайтиришга ёрдам берадиган қисми (носовой обтекатель) шикастланган. Шундан сўнг, Uzbekistan Airways Technics мутахассислари ҳаво кемасининг шикастланган қисмини алмаштириш бўйича таъмирлаш ишларини олиб борган.

18 ноябрь куни ҳаво кемасига парвозларга рухсат берилган ва соат 14:30 да Airbus 320 Neo жадвалга мувофиқ парвозларни амалга оширишни бошлаган.

Маълумот учун, ушбу воқеа Тошкент халқаро аэропортидаги биринчи ҳолат эмас. 2015 йилда ҳам аэропорт ҳудудида автобус Boeing-767 самолёти билан тўқнашиб кетганди.