Самарқанд шаҳрида молиявий пирамида ташкил этган шахслар аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Таъкидланишича, фуқароларнинг мурожаатларига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда Ҳ.Ҳ. ва бошқалар «Samarqand credit» МЧЖ ташкил этиб, жисмоний шахсларнинг маблағларини жалб этишга доир фаолиятни амалга оширгани айтилмоқда.

Улар lnstagram ижтимоий тармоғида олдиндан 20 фоиз тўлов қилиб, 5 хил турдаги кредитларни узоқ муддатга олиш мумкинлиги ҳақида эълонлар берган. Хусусан, 45 нафар фуқарога кредит ажратиш эвазига 20 фоизлик дастлабки тўлов сифатида жами 479 млн сўм нақд пулларни олгани аниқланган, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 188−1-моддаси (Пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида, «Газета.uz» аввалроқ молиявий пирамида нима ва у қандай ишлаши, алданиб қолмаслик учун нима қилиш кераклиги борасида эксперт ҳамкорликда материал тайёрлаганди.