Бугунги кунда пассив даромад олиш йўлларини излайдиган кишилар кўпчиликни ташкил этади. Бу, ўз навбатида, маълум миқдордаги бўш турган маблағни фойдали бизнесга киритиш ва кейинчалик бир неча баробар ортиғи билан қайтариб олиш таклифларининг жозибадорлигини оширади ва қайта-қайта огоҳлантиришлар, молиявий фирибгарлар тузоғига тушганлар ҳикояларига қарамай, аҳоли орасида айнан шу усул кенг оммалашиб бормоқда. Етарли даражада молиявий саводхонлик ва рискларни тўғри баҳолаш кўникмасига эга бўлмаган ҳолда турли инвестицион ташкилотларга сармоя киритишнинг оқибати молиявий пирамида қурбонига айланиш билан якун топмоқда.

Хўш, молиявий пирамида аслида нима ва у қандай ишлайди? Унинг тармоқли маркетингдан қандай фарқи бор? Бу каби схемаларга алданиб қолмаслик учун нима қилиш керак ва маблағларни қаерга сармоя қилган маъқул?

«Газета.uz» ислом молияси эксперти ҳамда AAOIFI, CSAA, CIPA кенгаши аъзоси Хондамир Нусратхўжаев билан ҳамкорликдаги материалида айнан шу саволларга жавоб беради.

Пайдо бўлиш тарихи

Молиявий пирамида дастлаб 1919 йилда Америкада италиялик муҳожир Чарльз Понци томонидан ўйлаб топилган. Понци тезда бойиб кетиш схемасини шакллантириб, The Securities Exchange Company компаниясига асос солади ва одамларга турли мамлакатларда товарлар сотиб олиш ва сотиш орқали пул ишлашни таклиф қилади. У италиялик инвесторларга 45 кун ичида инвестиция қилинган сумманинг 150 фоизини қайтариб беришни ваъда қилади. 1919 йил август ойида компания федерал агентлар томонидан текширилади ва пирамида схемаси сифатида тугатилади.молиявий пирамида

Суратда Чарльз Понци

Худди шунга ўхшаш бойиб кетиш схемаси америкалик Бернард Мейдофф томонидан ҳам амалга оширилган. У АҚШнинг энг ишончли ва обрўли инвестиция фондларидан бири бўлган Madoff Investment Securities компаниясига асос солади. Инвесторларга йиллик 13 фоиз даромад олишни ваъда қилган компания, ўзининг нуфузли мижозлари сабаб кўплаб инсонлардан маблағ жалб қилишга эришган.

Кейинроқ аниқланишича, фирма охирги 13 йил давомида ҳеч қандай омонат сақлаш фаолияти билан шуғулланмаган. Жабрланувчилар орасида 3 миллион киши ва юзлаб молия институтлари жами 64,8 млрд доллардан ортиқ жамғармаларидан айрилган.

2009 йилда компания директори 150 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.

молиявий пирамида

Суратда Madoff Investment Securities асосчиси Бернард Мейдофф

Жаҳон миқёсида MMM ($2 млрд), Stanford International Bank ($8 млрд), European Kings Club ($1,1 млрд), Caritas ($1 млрд) ва Mutual Benefits Corporation ($1,25 млрд) каби йирик молиявий пирамидалар қайд этилган.

Қандай ишлайди?

Аксарият ҳолларда молиявий пирамидалар ҳуқуқий томондан ҳеч қандай муаммоларсиз рўйхатга олинади ҳамда лойиҳалар ёки бизнес ғояларини амалга ошириш таклифи билан инвесторларни жалб қилади. Йўналтирилган маблағлар лойиҳанинг рентабеллиги (даромадлилиги) инвесторларга ваъда қилинган даромаддан паст бўлган тақдирдагина қайтарилади.

Бунинг муқаррар натижаси компания ва инвесторларнинг банкротлиги билан якун топади. Амалда, пирамида қулагандан кейин қўйилган маблағларнинг максимал 15 фоизини қайтариш мумкинлиги исботланган.

Бугунги кунда молиявий пирамидаларнинг бир ва кўп даражали шакллари учрайди.

Бир даражали пирамида кўпинча таъсисчи номи билан аталади. Унинг марказида схеманинг барча иштирокчиларини назорат қилувчи ташкилотчи жойлашган бўлади. Дастлабки инвесторларнинг даромадлари кейинги сармоядорларнинг бадаллари ҳисобига шаклланади.

Вақт ўтиши билан ушбу тизим аъзолари сони ортиб боргани сайин ташкилотчининг фоизларни тўлаш мажбуриятлари ҳам ўсиб боради. Аммо маълум вақт ўтиб мажбуриятлар кўпайиб, сармоядорлар сони камаяди ёки бутунлай тўхтайди.

Ўйиннинг якунида ғолиб фақат ташкилотчилар ва унга яқин одамлар бўлади. Қолганлар эса барча пулларини йўқотади.

Кўп даражали молиявий пирамида тизими эса нафақат ҳар бир иштирокчининг кириш тўловига, балки унинг яна бир нечта аъзоларни таклиф қилиш мажбуриятига ҳам асосланади. Яъни, даромад жалб қилинган одамлар сонига боғлиқ. Бундай схема, ҳатто математик нуқтаи назардан ҳам, узоқ давом эта олмаслиги аниқ.


молиявий пирамида

Кўп даражали молиявий пирамиданинг ишлаш схемаси

Мисол сифатида ҳисоблаб кўрамиз.

Ташкилотчи 3 кишини тизим иштирокчисига айланишга кўндиради ва ва ҳар бирига 200 доллардан бирламчи бадал киритишни айтади. Шунингдек, таклиф қилинган ҳар бир иштирокчи учун 50 доллардан беришни ваъда қилади.

Даромадлар: 200×3 киши = 600 доллар.

Харажатлар: 0.

Ташкилотчининг 1-босқичдаги фойдаси 600 долларни ташкил этмоқда.

Юқоридаги 3 нафар иштирокчи 3 кишидан янги сармоядорни жалб қилади.

Даромадлар: 200×9 киши = 1 800 доллар.

Харажатлар: 50×9 киши = 450 доллар.

2-босқичдаги соф фойда: 1 800 — 450 = 1 350 доллар.

Худди шундай тизим яна давом этади.

Даромадлар: 200×27 = 5 400 доллар.

Харажатлар: 50×27 = 1 350 доллар.

3-босқичдаги соф фойда: 5 400 — 1 350 = 4 050 долларни ташкил этди.

Шундай қилиб, молиявий пирамиданинг энг оддий кўринишидаги уч босқичда ташкилотчининг даромади 6000 доллар экани маълум бўлди. Иштирокчилар сони ва фойда қанчалик кўп бўлса пирамида шунчалик тез қулайди.

Тармоқли маркетинг ва молиявий пирамида ўртасидаги фарқлар

Тармоқли маркетинг тижорий фаолиятнинг қонуний ва рухсат этилган туридир. Ушбу йўналиш 1945 йилдан буён дунёнинг кўплаб мамлакатларида ривожланиб келмоқда.

Унинг вазифаси — маҳсулотлар ҳақида маълумот тарқатиш, истеъмолчиларни жалб қилиш, товарларни тўғридан-тўғри сотишдан (ҳар доим ҳам эмас) иборат. Тармоқли маркетинг асосида ташкил этилган компанияларга жуда кўп сонли савдо ёрдамчилари жалб этилади ва пирамида шаклида фаолият юритади. Ҳозирда дунё бўйлаб 120 миллионга яқин аҳоли тармоқли маркетингнинг турли йўналишларида фаолият юритиб фаолият юритиб келмоқда.

Қуйидаги жадвалда тармоқли маркетинг ва молиявий пирамида ўртасидаги асосий фарқлар кўрсатилган.

Асосий фарқлар


Тармоқли маркетинг
Молиявий пирамида
1
Иқтисодий фаолият юритиш мақсадида компанияга асос солинади, таъсисчилар шакллантирилади. Махсус лицензия ва сертификатлар, бошқа зарур ҳужжатларга эга.
Бу турдаги компаниялар рўйхатдан ўтса-да, ноқонуний фаолият юритади. Мижозлар интернет орқали жалб қилинади, маблағлар оффшор зоналарда сақланади.
2
Компания занжирли сотиш тамойили асосида фаолият бошлайди. Бу бозорни қамраб олиш ва маҳсулотларни максимал даражада илгари суриш учун зарур.
Пирамидалар ҳеч нарса сотмайди ва тарқатмайди. Даромад фақат жалб этилган мижозлар маблағлари ҳисобидан олинади.
3
Савдо операциялари янги маслаҳатчилар оқимидан қатъий назар амалга оширилади.
Пирамида маркетинг режасига эга эмас. Мижозлар бўлмаса, пирамида ўз фаолиятини тўхтатади.
4
Корхона айланмасида маҳсулот (товарлар, хизматлар) сотишдан олинган маблағлар мавжуд бўлади.
Компания молиявий ҳисобот бермайди. Бу ҳисоб рақамлари ва молиявий оқимни яшириш учун қилинади. Бундан ташқари, молиявий пирамидалар ташкилотчиларига олинган маблағларни хорижда чиқариб олиш анча осонроқ.
5
Компаниянинг ҳар бир ходими айланмасини ошириш учун ҳақ олади, бонуслар тизими, мукофотлар, мартаба ўсиши учун имконият яратилади.
Пирамидада узоқ истиқболли ривожланиш йўқ. Даромад фақат илк босқичда олинади ва бу ҳар доим ҳам эмас. Аъзоларнинг асосий мақсади тўловга қобилиятли бўлганларни ўйинга тортишдан иборат.
6
Тармоқли маркетинг компаниялари бирданига топиладиган миллионлаб пулларни ваъда бермайди. Аксинча, дастлаб ходимларни ўқитиб, молиявий ёрдам беради ва компанияда муваффақиятли ишлаш учун шерикларни топади.
Ташкилот молиявий ва корпоратив тажрибага эга бўлмаган одамлар томонидан бошқарилади, шунингдек, молиявий аудит ўтказмайди.
7
Компанияда шахсий даромад сотилган товар ва қўшимча олиб келинган савдо агентларининг фаоллигига боғлиқ.
Ташкилот ўз бизнес-моделини (ниманинг ҳисобига фойда олинишини) тушунтириб бера олмайди. Одамларга компания ўзининг асосий даромадини қандай шакллантираётгани тушунарли бўлиши керак. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари дўкони маҳсулот сотишдан, қурувчилар эса кўчмас мулк сотишдан фойда олади. Қоида бўйича, молиявий пирамида яратувчилари ушбу саволга жавоб бера олмайди ёки ёлғон келишувлар ортига беркинади.

Ўзбекистондаги ҳолат

Аслида сармоя киритишнинг бошқа кўринишлари ҳам мавжуд: кимдир қурилиш босқичида кўчмас мулк сотиб олади, кейин эса ижарага беради ёки тайёр ҳолатда сотади, кимдир машҳур брендлардан қиммат сумкалар ёки биткоинлар сотиб олади, яна кимдир банкда омонат очади ёки пулни «ишончли» одамларга фоиз эвазига қарзга беради.

2016 йилда «Аҳмадбой иши» жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Тошкент вилоятида Аҳмадбой Турсунбоев бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ ноқонуний валюта операциялари билан шуғулланган.

Жумладан, айбланувчи ҳар йили 100 фоиз дивиденд тўлаб беришни ваъда қилиб, фуқаролардан катта миқдорда миллий ва хорижий валютадаги омонатларни ноқонуний равишда қабул қилган. Бундан ташқари, Аҳмадбой ва унинг шериклари чет эл валютасини ойига 40 фоиз ставка билан қарзга берган.

2016 йилнинг ёзида Аҳмад Турсунбоев ва унинг шериклари фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган.

Яратилган молиявий пирамида натижасида жами 11 925 киши жабр кўрди. Ҳибсга олинган вақтда омонатчилар олдидаги қарз 35 миллион долларни ташкил қилган. Суд жараёни якунларига кўра, Аҳмад Турсунбоевга 14 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Афсуски, бу молиявий пирамиданинг ягона мисоли эмас. Масалан, омонат учун йиллик 260 фоиз ставка таклиф қилган Golden Cash Store компаниясининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида бир неча минг фуқаролар жабр кўрган.

Компания ўз мижозларига бир неча турдаги омонатларни таклиф қилган: ҳафталик 2−3 фоиз даромад, ойлик — 40 фоиз ва йиллик учун — 262 фоиз даромад. Пуллар пластик карталарга ўтказилиши керак бўлган.

2022 йилнинг январь ойига келиб ушбу молиявий пирамида фаолияти фош этилганда бир неча минг фуқаро жабрлангани, шу билан бирга, ташкилотчиларга қиймати 100 дан 10 минг долларгача бўлган олтин ва кумуш буюмлар, шунингдек, бошқа мол-мулкни топширгани маълум бўлди. Молиявий пирамидадан азият чеккан фуқаролардан бири уйини сотиб, 10 700 доллар миқдорида сармоя киритгани айтилади.

Жабрланганларнинг аксарияти Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон аҳолисидир. Бундан ташқари, фирибгарлар қўшни МДҲ давлатларида ҳам фаолият юритишган.

Ҳозирда молиявий пирамидаларга интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар ҳам жалб қилинмоқда. 2022 йилнинг март ойида ижтимоий тармоқларда Gift Of Legacy (GAP) деб номланган интернет ўйини тарқалган эди. Фуқароларга маълум миқдорда маблағ киритиш ва бошқаларни иштирок этишга даъват этиш таклиф қилинган. Жами 8 киши таклиф қилиниши талаб этилган. Кейин эса «ўйин» тугаб, қатнашчи ўз омонатини 7−8 карра миқдорда қайтариб олган.

Одатда, бу турдаги пирамида яратувчилари молиявий саводхонликка эга бўлмаган одамларни максимал даражада жалб қилиш учун инфлюэнсерларни ёки ҳозирги вақтда ижтимоий тармоқларда фаол бўлган блогер ва вайнерларни ишга солади.

Хавфсизликни таъминлаш

Молиявий пирамидалар қурбони бўлмаслик учун, биринчи навбатда, молиявий саводхонликни оширишга эътибор қаратиш лозим. Бошланишига маблағлар ҳисобини юритиш билан мустақил равишда шуғулланиш — даромад ва харажатларингизни назорат қилишингиз зарур. Молия ва инвестициялар борасида зарур кўникмалар мавжуд бўлган тақдирда, фуқарони молиявий пирамидага жалб қилиш қийин бўлади.

Иллиноис университетининг Талабалар пул бошқаруви маркази (University of Illinois System’s Student Money Management Center) The Standard & Poor’s Ratings Services ташкилотининг Global Financial Literacy Survey тадқиқоти ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб молиявий саводхонлик даражаси Дания, Норвегия ва Швецияда энг юқори — 71 фоиз ёки ундан ортиқни ташкил этади. Ўзбекистон аҳолиси 21−30 фоиз атрофида молиявий саводхон ҳисобланади.

молиявий пирамида

Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2020 йилнинг августида Марказий банк томонидан молиявий саводхонлик бўйича ахборот-таълим веб-сайти ишга туширилди. Мазкур лойиҳа доирасида молиявий хизматларни танлаш ва улардан фойдаланиш, молиявий қарорларни оқилона ва масъулият билан қабул қилиш ҳамда молия бозоридаги имкониятларни тўғри баҳолашга ёрдам берувчи билим ва кўникмаларни шакллантириш вазифалари белгиланган.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг апрелида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ОТМ талабалари учун «Молиявий саводхонлик» ўқув курсини фан сифатида жорий этиш бўйича президент фармони имзоланди. Дастурга кўра, илғор хорижий ўқув муассасалари ва тадқиқот институтлари, молия ташкилотларидан етакчи мутахассисларни молиявий саводхонлик даражасини оширишга оид таълим тадбирларига кенг жалб қилиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга молиявий пирамида билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ҳамда бу каби жиноятларни содир этганлик учун жазони кучайтириш мақсадида жиноий жавобгарлик белгиланди.

ЖКнинг 188−1-моддасига кўра, молиявий пирамидалар фаолияти билан боғлиқ ҳатти-ҳаракатлар энг кам иш ҳақининг 100 дан 300 баробаригача миқдоридаги жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинишига ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлади, жумладан:

  • мулкий манфаат бериш бўйича зиммага мажбурият олиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолият юритиш;
  • илгари олинган мажбуриятни жисмоний ва юридик шахсларнинг янги жалб этилган пул маблағлари ва (ёки) бошқа мол-мулки ҳисобидан бажариш;
  • шу турдаги фаолиятга раҳбарлик қилиш ва фаолият кўрсатилишини таъминлаш;
  • шу турдаги фаолиятда иштирок этишга жалб этиш мақсадида, жумладан, ОАВ ва интернет орқали реклама билан шуғулланиш.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкларни жалб қилиш бўйича ноқонуний фаолият олиб бориш ҳамда бундай фаолиятга раҳбарлик қилиш ва шундай фаолият кўрсатилишини таъминлаш кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ОАВ ёки телекоммуникация тармоқлари ҳамда интернетдан фойдаланган ҳолда амалга оширилган бўлса, ЭКИҲнинг 300 дан 500 баробаригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш ёхуд 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлади.

Мазкур фаолият жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қаерга сармоя киритган маъқул?

Мавжуд имкониятлар ва муаммоларнинг кўплиги ҳисобига сармоя киритиш платформаларининг ҳам турли йўналишларини танлаш керак. Шулардан бири — криптовалюталар бозори инвесторига айланишдир.

Муҳим жиҳати, Ўзбекистонда биткоин, эфириум ва бошқа альтернатив альткоинларни қонуний сотиб механизмни тўлиқ шаклланиб улгурмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда илк марта 2018 йилда президент блокчейнни жорий этиш, криптобозор, майнинг, смарт-шартномаларни ривожлантириш — рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолаганди.

Кейинчалик, крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди. Низомга кўра, крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланди.

2021 йилда ушбу агентлик томонидан Ўзбекистон фуқароларига крипто-биржаларда крипто-активлар ва токенлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини миллий ва чет эл валютасида амалга оширишга рухсат беришни кўзда тутувчи лойиҳа муҳокамага қўйилган эди.

2021 йилнинг ноябрида эса тегишли буйруқ билан Ўзбекистон резидентлари криптоактивлар ва токенлар билан барча турдаги операцияларни миллий валютада (сўмда) амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида эса Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасида йиғимлар миқдори белгиланди. Жумладан, майнинг фаолияти учун — БҲМнинг 10 баравари (3 млн сўм), крипто-биржа фаолияти учун — БҲМнинг 400 баравари (120 млн сўм) крипто-дўкон фаолияти учун — БҲМнинг 20 баравари (6 млн сўм) тўлов қилиш керак бўлади.

31 октябрь куни Адлия вазирлигида крипто-дўкон ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш қоидалари рўйхатдан ўтказилганди. Унга кўра, крипто-дўкон электрон платформа ва савдо объекти орқали мижозларга хизмат кўрсатиши мумкин бўлади.

Фақатгина, ноябрь ойининг охирига келиб, истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун Crypto Trade NET ва Crypto Market компанияларига биринчи лицензияларберилди.

Тегишли маълумотлар лицензияларнинг электрон реестрига белгиланган тартибда киритилган ҳамда агентликнинг расмий веб-саҳифасида фойдаланиш учун очиқ ҳисобланади. Лицензия олган компаниялар Марказий Осиё ва МДҲ ҳудудидаги биринчи крипто-дўконлар ҳисобланади.

Иккинчидан, Ўзбекистонда мусулмон аҳоли сонининг кўплиги ва ривожланиб бораётган ислом молиясининг таъсири остида — IMAN Invest платформаси сармоядорига айланишдир.

Биткоин ва шунга ўхшаш криптоактивлар майнинг фаолияти сабабли табиатга (экологияга) зарар келтириб ва энергетика соҳасида ноқонуний фаолият олиб борувчилар сонининг ортишига сабаб бўлиши мумкин.

Бундай ҳолатда экологик сармоя билан шуғулланиш муҳим аҳамият касб этади. Ҳам экологик ҳам мусулмонлар учун муқобил вариант сифатида танилган IMAN Invest Ўзбекистондаги биринчи тўлиқ ислом молияси тамойилларига асосланган инвестицион фонд бўлиб, инвесторлардан маблағларни жалб қилиш ва уни савдога йўналтириш, савдодан келган фойдани эса инвесторлар орасида тақсимлаш билан шуғулланади.

Платформа шерикчилик асосида инвесторлардан маблағларни жалб қилади ва уни тижоратга йўналтиради ва шу тижоратдан келган фойдани инвесторлар орасида тақсимлайди. Қонун нуқтаи назаридан барча инвесторлар ширкатнинг таъсисчилари ҳисобланади.

Маълумот учун, IMAN Invest компанияси Global Islamic Fintechънинг 2022 йилги ҳисоботида 375 та исломий Fintech компаниялари қаторида рўйхатга олинган. Тақдим этилган очиқ маълумотларга асосан бугунги кунда Battary Road, Tesla Capital (умумий ҳисобда $350 000), Uzcard Ventures вa Uzcard VC ($160 000), Le Mercierʼs ва MyAsia ($45 000), Umay Angels Club ҳамда Block 0 ($70 000) венчур фондлари IMANъга инвестиция киритган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, ислом молияси ва унинг Ўзбекистондаги ўрнини батафсил ёритувчи материал тақдим этилганди.

Учинчидан, Ўзбекистондаги фонд бозори иштирокчисига айланиш. Даромадларни тўғри инвестициялаш ҳамда фирибгарлар қурбонига айланмаслик учун қимматли қоғозлар бозори механизмларини билиш керак бўлади. Бунда дастлаб, тегишли брокерлик компанияси орқали рўйхатдан ўтиб, фонд бозорининг бирламчи иштирокчисига айланиш мумкин.

Дунёдаги етакчи фонд биржаларига NYSE, NASDAQ, LSE ва бошқалар киради. Амстердам фонд биржаси дунёдаги энг кўҳна биржа саналади. Биржа 1602 йилда ташкил топган бўлиб, шу йили тарихдаги илк акциядорлик компанияси — Голландиянинг Ост-Инд компанияси ташкил этилган.

«Тошкент» Республика фонд биржаси — Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ягона фонд биржа. У 1994 йил 8 апрелда ташкил этилган. Ҳозирда у ерда 99 та компания ўз акциялари ва 4 та эмитент (акция чиқарадиган компания) ўз облигациялари билан савдо қилади.

Рўйхатга олинган қимматли қоғозлар биржаларга жойлаштирилади, у ердан уларни жисмоний ва юридик шахслар — инвесторлар харид қилиши мумкин.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.