«Рус тили давлат тили бўлмаган мамлакатлар фуқаролари Россияда ҳайдовчи, сотувчи ва курьер бўлиб ишламаслиги керак». Бу таклиф Россия давлат думаси раиси ўринбосари Пётр Толстой томонидан 14 ноябрь куни Федерация кенгашида бўлиб ўтган «Рус тилини сақлаш, ҳимоя қилиш ва ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати: ҳолати, муаммолари ва ечимлари» мавзусидаги парламент эшитувида билдирилди.

Толстой постсовет ҳудудидаги мамлакатларда рус тилини ўқитиш масаласини кўтариб, бу республикаларда улар инглиз тилини ўрганишга устуворлик бергани ва рус тилини миллий тиллар билан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилишларини таъкидлади.

«Россия томони қонунчилик қарорларини ишга солиб, вазиятга таъсир кўрсатиши мумкин. Агар рус тили давлат тили бўлмаса, кечирасиз, бу мамлакатлар фуқаролари бизнинг жамоат жойларимизда ҳайдовчи, сотувчи, курьер бўлиб ишламаслиги керак. Бундай чора-тадбирлар вазиятни аста-секин тузатади», — дейди депутат.

Давлат думаси раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, хорижий мамлакатларда «фарзандларини Россия элчихоналари қошидаги рус мактабларига беришни хоҳлайдиган маҳаллий аҳоли кўп, аммо қонун бунга рухсат бермайди. «Биз буни ўзгартиришимиз керак», — дейди Пётр Толстой.

Эртаси куни у «Рус тили барча собиқ иттифоқ республикалари ҳудудида миллатлараро мулоқот тили бўлиши керак» дея, яна бир баёнот билан чиқди.

«Афсуски, бугунги кунда Россия муҳожирларга нисбатан пассив позицияда. Биз собиқ совет республикаларидан фуқароларни қабул қиламиз — улар қурилиш соҳасида хорижий мутахассислар сифатида келишади. Бир ҳафта ўтгач, юқори технологияли «Яндекс» компаниясининг логистика ва курьерлик хизматлари соҳасида ажралмас ходим бўлиб ишга олинади: сўнг оилаларини олиб келишади — болалари рус мактабларига боради. Ва ҳаммаси яхшидек, лекин… Бу жараён «рус тили имтиҳони» деб номланувчи профанация фонида содир бўлади. Ундан ўтган юқори малакали мутахассислар, аслида, рус тилини билишмайди. Ва бу худди шу ҳуқуқбузарликлар содир этилганда аниқ бўлади — мигрантлар биринчи навбатда таржимонни талаб қилади, чунки «улар рус тилини тушунмайди», — дейди депутат.

Унинг сўзларига кўра, «бу муаммони тизимли равишда ҳал қилиш керак».

«Собиқ СССР мамлакатларида рус мактаблари тизимини ривожлантириш муҳимдир. Бугунги кунда рус тили миллатлараро мулоқот тили сифатида фақат Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонда қўлланади. Аммо Арманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда-чи, йўқ. У ерда рус-тузем мактабларини қуриш, 90-йилларда „ўлдирилган“ совет интеграция тизимини ривожлантиришни бизнинг ҳисобимиздан эмас, юқорида қайд этилган давлатларнинг фуқаролари Россияда ишлаб топиб, ватанига юборадиган даромадлари ҳисобидан мустақил равишда амалга оширишини таклиф қиламан», — дейилади баёнотда.

«Ўзбекистон депутат Пётр Толстойнинг томорқаси эмас»

Олий Мажлис депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов россиялик ҳамкасбининг сўзларига жавоб қайтарди.

t.me/bbekmurodovt.me/bbekmurodov

«Ўзбекистон депутат Пётр Толстойнинг томорқаси эмас. Ўз мамлакати ва фуқаролари муаммолари билан шуғуллансин. Ўзбекистонда рус тили — эркин мулоқот тили. Биз иттифоқчи мамлакат мақомига мос ишлаяпмиз. Депутат Толстой эса йўқ», — деди у.

«Жаноб Толстой, ватандошларимиз Россияда ўз меҳнати учун ҳукуматингиз белгилаган тўловларни тўламоқда. Уларнинг оилаларига юбораётган пулини тақсимлаш сизнинг ваколатингизга кирмайди. Рус тилида сўзлашувчи ватандошларимиз ҳақида эса ўзимиз қайғурамиз», — дея қўшимча қилди Бекмуродов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳам бу ҳолатга муносабат билдирди.

Фото: «Миллий тикланиш»Фото: «Миллий тикланиш»

«Вице-спикер Толстойга жавобан ўзбек тилини билмайдиган хизматчиларни ишдан ҳайдашни таклиф қилишимиз керак (ми?). Биз бошқа йўлдан борамиз — уларга ўзбек тилини ўргатамиз. Сиз эса ўзингиз ишлашни ўрганинг. Бу рус тилига қачонлардир ҳақиқий ҳурмат пайдо бўлишига олиб келиши мумкин», — дея таъкидлаган Қодиров.

Октябрь ойида яна бир россиялик депутат Михаил Делягин ўзбекистонлик мигрантларнинг болалари учун хусусий мактаблар қуриш таклифи Россия фуқароларига нисбатан «камситиш» ва бу Россиянинг йўқ бўлишига олиб келиши мумкинлигини айтганди. Ўзбекистонлик депутатлар бу айбловлар «муносабатларда ҳушёрликка даъват этишини» таъкидлаган.

Сентябрда эса Россия давлат думаси депутати Евгений Фёдоров Россия Собиқ Иттифоқ давлатлари билан уришишга мажбур бўлиши, улар СССРдан ноқонуний ажралиб чиққани ҳақида фикр билдирган. Ўзбекистонлик депутатлар буни «носоғлом фикр» дея атаб, бу сўзларга жиддий муносабат билдириш шарт эмаслигини айтган.