Бир неча кун аввал Россия давлат думаси депутати Евгений Фёдоров Россия Собиқ Иттифоқ давлатларининг барчаси билан уришишга мажбур бўлиши ҳақида фикр билдирганди. Унинг бу чиқишига Ўзбекистондаги айрим депутатлар ўз муносабатини билдирди.

Россиялик депутатнинг фикрича, собиқ совет республикалари баҳсли ҳудудлар ҳисобланади ва улар СССР таркибидан ноқонуний ажралиб чиққан.

«Барча собиқ республикалар эртами-кечми Россия билан тўқнаш келади. Бу назария масаласи. Улардан баъзилари билан бундай бўлмайди: [дейлик] Беларусь. Грузия аллақачон жанг қилган, шунингдек, Украина. Бу Арманистонга ҳам тўлиқ тааллуқлидир», — деган депутат.

Унинг қайд этишича, агар республикалар дипломатик йўл билан қайтарилса, ҳарбий можароларнинг олдини олиш мумкин.

Муносабат

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров россиялик депутатнинг юқоридаги фикрига муносабат билдирди.

«Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади, шекилли… Бундан биз фойда кўрамизми, йўқми, вақт кўрсатади. Ёнғинга қарши чоралар кўриб, совуққонлик билан кузатамиз», — деб ёзади Қодиров.

Олий Мажлис депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов эса Фёдоровни «навбатдаги фантазёр» деб атади.

«Собиқ иттифоқ республикаларини уруш ёки дипломатик йўл билан қайтариш» каби иддаолар соғлом фикр маҳсули эмас. Бугунги кунда Россия ташқи кучлар колонияси эканлигига ишонувчи, конспирологик назарияларни илгари сурувчи Дума депутатининг сўзларига қандайдир жиддий муносабат билдириш шарт эмас, деб ҳисоблаймиз", — дейди у.

«Ўзбекистон мустаҳкам суверенитет ва кучли давлатчиликка эга мамлакатдир. Қолаверса, биз Россия билан иттифоқчи мамлакатлармиз, халқларимиз ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган», — дея қайд этди депутат.

У ўз постига «Фантазёр» номли қўшиқни илова қилди.