Ўзбекистон депутатлари Россия Давлат думаси депутати Михаил Делягиннинг баёноти ва айбловларига муносабат билдирди.

Ўзи нима бўлди?

19 октябрь куни «ТАСС»нинг хабар беришича, Ўзбекистон Президенти администрациясининг Ёшлар сиёсати департаменти раҳбари Қаҳрамон Қуранбоев Россия Давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда ўзбек диаспораси вакиллари ҳисобидан Ўзбекистондан келган меҳнат мигрантлари болалари учун хусусий болалар боғчалари ва мактаблар очишга кўмаклашишни сўраган. Уларда ўқитиш Россия қонунчилигига мувофиқ дастур асосида ташкил этилиши келтирилган.

Шунингдек, у Россияга келаётган Ўзбекистон ёшлари учун миграция тартиб-таомилларини соддалаштириш масаласини қонунчилик даражасида кўриб чиқишни сўраган.

Давлат думаси депутати Михаил Делягин «Говорит Москва» радиостанцияси билан суҳбатда «бу ташаббус ноқонуний» деб таъкидлади.

«Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Россия Конституцияси ҳақида ҳеч нарса эшитмаган бўлса керак, одамларни миллатига кўра камситиш тақиқланган. Фақат мигрант болалар учун мактаблар очиш Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан камситиш экани аниқ. Бу тожик диаспораси фақат тожикларга хизмат кўрсатадиган тожик тиббиёт марказларини очиш ҳақида сўраганда нимани назарда тутган бўлса, шу кабидир», — деди у.

Депутат буни «Россияни емириш ва йўқ қилиш учун аввал бегона, кейин душман анклавларни яратишга қаратилган онгли сиёсат» деб атади.

«Менимча, Ўзбекистон, албатта, болалар боғчалари ва мактабларни қуриши керак, лекин фақат ўз ҳудудида. Ва Россияга сиқиб чиқарган фуқароларини ватанига қайтариб олиб кетиш керак. Чунки, айтайлик, Тожикистон аҳолисининг учдан биридан кўпроғи Россияда яшайди. Бу ҳолат Тожикистон учун ҳам, Россия учун ҳам мутлақо нормал эмас», — деган депутат.

«Бу Россия билан муносабатларда ҳушёрликка даъват этади»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бунга жавобан ўз фуқаролари ҳақида қайғураётган ҳар қандай давлат уларга зарур шарт-шароит яратиш бўйича ташаббуслар билан чиқишлари одатий ҳол эканини таъкидлади.

Фото: Қонунчилик палатасиФото: Қонунчилик палатаси

«Россияда меҳнат қилаётган ватандошларимиз, табиийки, ҳалол меҳнатлари эвазига ўз оилаларини моддий таъминламоқдалар, Россия уларни текинга боқмаяпти. Бу борада уларнинг аксарияти ёшларни ташкил этган ҳолда ўзларининг айни кучга тўлган даврларида Россия иқтисоди учун хизмат қилмоқдалар», — деди у.

Унинг фикрича, россиялик депутатнинг иттифоқчи давлатга нисбатан бундай жиддий айбловлар илгари сургани «Россия билан муносабатларда ҳушёрликка даъват этади».

Бобур Бекмуродов сўзида давом этди: «Ўртоқ Делягин Михаил, агар сиз айтгандек Россия Федерацияси каби катта мамлакатни меҳнат мигрантлари „парчалай“ олса, олдингизда давлатчиликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ бошқа муҳимроқ вазифалар турибди. Михаил, бизда эркин ОАВ бор, Дума депутатлари айтаётган фикрлар Ўзбекистон жамоатчилигига етиб боради ва, шубҳасиз, мамлакатингизга нисбатан салбий фикрни шакллантиради. Давом этинг».

Фото: «Миллий тикланиш».Фото: «Миллий тикланиш».

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров, ўз навбатида, «Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягинча бўлса, Ўзбекистонда рус тилига муносабат мутаносиб бўлиши керак», дея таъкидлади.

«Россия мактабларида ўзбек тилини ўргатиш рус миллатини камситиш ҳисобланадию, Ўзбекистон мактабларида рус тилида таълим берилаётгани ўзбекларни камситиш ҳисобланмайдими?» — сўради у.

Сентябрь ойида россиялик депутат Евгений Фёдоров собиқ иттифоқ республикалари СССРдан ноқонуний равишда ажралиб чиққани ва шунинг учун Россиянинг ҳудудий манфаатлари бузилгани сабабли улар билан уришишга мажбур бўлишини айтганди. Бунга жавобан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлари кинояли жавоб қайтариб, «Яна бир хаёлпараст» деб атаган.