Самарқанд шаҳридаги марказий чиқинди полигонида божхона органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

2022 йилнинг ноябрь ойида божхоначилар республика ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 114 минг 448 қути сигарет ҳамда чилим учун тамаки маҳсулотлари Булунғур туманидаги хонадонлардан бирига тушириб қолдирилганини аниқлаган.

Май ойида вилоятда қайд этилган яна бир ҳолатда эса қиймати 48 млн сўмлик 2760 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Ўтказилган тадбирда жами 1 млрд 668 млн сўмлик 117 минг қутидан зиёд сигарет ва чилим учун тамаки маҳсулотлари суд қарори билан махсус техникалар кўмагида янчилган, сувга бўктирилган ва якунда бутунлай яроқсиз ҳолга келгач, кўмиб юборилган.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Муҳаммадиевнинг маълум қилишича, 2023 йилнинг ўтган даврида 229 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати 76,2 миллиард сўмлик салкам 4,9 млн қути тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1,5 млн қутини ташкил қилган.

Самарқанд вилоятида эса 2023 йилда божхона ходимлари томонидан аниқланган 16 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати 2,1 миллиард сўмлик 148 минг 819 тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган.